Яқинда O‘zbegim миллий анъаналар фестивали доирасида тайёрланган рекорд палов ва унинг атрофидаги гаплар ОАВда кенг ёритилди. Ушбу паловни тайёрлаган шеф-ошпазлардан бири, таниқли ошпаз ва блогер Баҳриддин Чустий «Tatil.uz» нашрига берган интервьюсида палов ҳақида, шунингдек, ўз фаолияти, орзулари ва саёҳатлари ҳақида гапириб берди.
— Қандай қилиб ресторан бизнесига кирдингиз?
— Бирор махсус билим юртида таҳсил олмадим. Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида педагоглар оиласида туғилиб ўсдим (Чустий тахаллуси шундан).
13 ёшлигимда Тошкентга кўчиб ўтдик, озиқ-овқат хизмат кўрсатиш соҳасидаги биринчи оилавий бизнесни бошладик — нон ёпиш цехи очдик. Сўнг чебурек пиширдик, ошхона, сўнг сомса сотдик…
2002 йили отам вафот этди. 17 ёш эдим, оиладаги катта фарзанд эдим (жами олти фарзандмиз), шунинг учун яқинларим ва қариндошларимни таъминлаш бўйича барча ташвишлар зиммамга тушди.
2007 йили Москвага кетдим — пул ишлаб топиш ва тажриба тўплаш ниятида. Албатта, у ерда ҳеч ким мени бағрини очиб кутиб тургани йўқ эди. Дастлаб идиш-товоқ ювдим, сабзавот тозаладим, новвойхонада ишладим.
Эсимда, шеф-ошпазнинг ёрдамчиси бўлганимда ҳам бу соҳада қолмайман деб ҳисоблардим. «Бу вақтинчалик», — деб ўйлардим. Бировга ошпазлигимни айтишга уялардим, бу касбни иккинчи даражали, обрўсиз ҳисоблардим… Аммо кейин ҳар бир соҳада кўп нарсага эришиш мумкинлигини, асосийси ўз устингда кўп ишлаш ва қиладиган ишингни яхши кўриш эканлигини тушундим!
Дўстларим блог очиб, у ерда ўзбек ошхонаси таомлари рецептларини бериб боришимни сўради. «Oshxona.uz» сайти шундай очилди, сўнг у UZ миллий домени интернет-фестивалида «Энг яхши мавзули сайт» ва «Оила учун энг яхши сайт» деб топилди. Шу блог туфайли одамлар мен ҳақимда билди, ва Чуст шаҳридаги биринчи муассасани биринчи марта шу ном остида очдим.
Ундан олдин бир муваффақиятсиз лойиҳа бўлиб, ўшандан сўнг бу соҳадан аниқ кетаман ва бошқа иш билан шуғулланман деб турган эдим. Аммо Чустдаги «Oshxona.uz»дан сўнг Тошкентда шу номли ресторан, шунингдек, қатор муассасалар пайдо бўлди. Охиргиси 2017 йилди очилган SalSal ресторани бўлди.
— Ошпазлик маҳорати сизда қандай шаклланди?
— Болаликдан бўлса керак. Ҳали болалигимдан эслайман, мастава тайёрлардим, бешинчи синфлигимда ука ва сингилларим учун пишириқлар тайёрлардим.
Нон ёпиш цехини энди очганимизда бошқа танловим йўқ эди. Балки, агар ўшанда мендан «Нима қилишни хоҳлайсан — катта пул топиб, кам ишлашними ёки цехда ишлаб, оилангга ёрдам беришними?» деб сўрасалар, мен, 13 ёшли ўсмир, албатта, биринчисини танлаган бўлардим. Аммо бундай танловим, афсуски ёки яхшиямки, йўқ эди. Тақдир буюрган экан, озиқ-овқат хизмат кўрсатиш соҳасида кичик ёшлигимдан ишладим. Шунинг учун бир нарсани такрорлашдан чарчамайман: биринчи ва асосий мураббийим — тақдир, у мени тарбиялади ва ҳаёт йўлини кўрсатди. Шу боис, бу йўл қанчалик қийин бўлмасин, унда мен ажойиб инсонларни учратдим, улар мени ҳозир билган нарсаларимни ўргатди: бири — сомса ва палов тайёрлашни, бирови — лағмон учун хамир чўзишни, учинчиси — нон ёпишни…
Ҳалигача билим оляпман! Чунки ошпазлик — туби чуқур океан каби: қанча чуқур чўнғисанг, шунчалар кўп кашфиёт қиласан.
Ҳеч қачон биринчи ёки энг яхши бўлишга интилмайман. Ҳа, балки бугун мен ҳақимда баъзи ҳамкасбларимга қараганда кўпроқ билишар. Аммо бу мен улардан устунман дегани эмас. Бунда интернет билан тезроқ «дўстлашганим» қўл келган бўлса керак, айнан у меня ном қозонишда ёрдам берди.
— Ҳамма ўзбек таомларини тайёрлай оламан деб ўйлайсизми?
— Албатта йўқ, ахир биз унинг кичик қисминигина биламиз. Ўтган йили биз «365 қуёшли кун» китобини тайёрладик, у ўзбек ошхонасига бағишланган эди. Фуд-фотограф Андрей Аракельян билан бирга бутун Ўзбекистонни айландик, ҳар бир минтақа учун ноёб рецептларни тайёрладик. Шу тариқа Dinara & Co матбаа уйи томонидан АО «Ўзбекнефтгаз» молиявий кўмагида нашр этилган китоб дунё юзини кўрди. Бу китобни биринчи марта Тошкентда тақдим этишди, сўнг — Лондонда, яқин кунларда Олмаотада презентация бўлиб ўтади. Умид қиламанки, уни бутун дунё кўради!
— Гиннеснинг рекордлар китоби учун мегапалов тайёрлаш ғояси қандай пайдо бўлди?
— Гап 2010 йили бўлган эди. Мен Туркияда эдим ва телевизор орқали Гиннеснинг рекордлар китобига энг катта кекс тайёрлаган ошпазлар кирганини кўрдим. Ана ўшанда ўйлаб қолдим: дунёдаги энг катта паловни тайёрласак-чи?!
Лойиҳани 2011 йилдан ишлаб чиқа бошладик. Дўстим Хушнуд Худайбердиев билан Guinness World Records компаниясига хатлар ёздик. Аммо ўшанда энг катта гуручли таом тайёрлашнинг (рўйхатда палов номинацияси йўқ эди) асосий шарти шу эдики, гуруч таомнинг 80 фоизини ташкил этиши керак эди. Лекин ҳақиқий палов бундай тайёрланмайди, акс ҳолда у яхши чиқмайди! Шунинг учун биз лойиҳани тўхтатдик, ўз ишларимиз билан шуғулландик, лекин суперпалов ғоясини ҳеч қачон унутмадик!
2014 йили «80%/20%» шарти истисно этилди. Биз Guinness World Records компанияси қўйган барча шартларни бажардик, бироқ узоқ вақт ҳомий топа олмадик. Буни қила олишимизга ҳеч ким ишонмади.
Натижада бу лойиҳага Milliy TV телеканали ҳомийлик қилишга рози бўлди. Воқеа бундай бўлди. Дастлаб O‘zbegim китоби тайёрланди, унинг презентацияси доирасида биз миллий таомларни тақдим этишимиз лозим эди. Албатта, бу ҳақда айтишганида биринчи ғоя узоқ йиллар ўйлаганим энг катта палов тайёрлаш эди!
Паловга тайёрланиш учун бор-йўғи икки ой вақтимиз бор эди. Умуман, буни биз келаси йил Наврўзида қилмоқчи эдик. Аммо жуда қисқа муддатда илкан қозонларни қуйган Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати ишчиларининг олтин қўллари туфайли муддатида улгурдик.
Ўзбекистоннинг таниқли ошпазларини тайёрладик. Биз шу ерда, SalSal’да учрашардик, қозон диаметрини муҳокама қилардик. Ҳисоб-китобларни 6 минг литрли ҳовуз ўлчамларидан келиб чиқиб амалга оширдик!
Барча халқ ошпазлари — ажойиб мутахассислар. Мен асосан паловни пиширишга тайёргарликнинг олов ёқишгача бўлган босқичи билан боғлиқ масалаларга жавоб берардим. Ундан кейин эса асосий ишни таниқли ошпаз Ҳасан ака Расулов қилди — дарвоқе, у аввал бошидан бизнинг ишларимизга ишонган ва қўллаб-қувватлаган ягона одам эди, у биз ҳатто ош ҳажмини икки баробарга кўпайтиришга қарор қилганимизда ҳам қўрқмади!
— Барчаси ўтиб, сизнинг орзуингиз — Гиннеснинг рекордлар китобига кириш — амалга ошганидан сўнг нимани ҳис этдингиз?
— Икки кун ўзимга кела олмадим. Тадбирдан сўнг меҳмонхонага бордим, чунки биров билан мулоқот қилишга кучим қолмаган эди. Уйда эса меҳмон кўп эди! Ҳатто Чустдан дўстлар ва яқинлар келган эди.
Фестиваль арафасида бир ой деярли ухламадим. Тун ўртасида уйғониб, хавотир олардим: учрашувни ўтказиб юбормадимии, ошпазлар билан келишиб олишни унутмадимми, ҳаммасини тўғри қиляпманми…
Ошпазларимиз, тадбирни ташкил этишда иштирок этган одамлар номидан, шахсан ўз номимдан Milliy TV телеканали раҳбариятига бизга ишонгани, жавобгарликни ўзларига олгани ва паловимиз Гиннеснинг рекордлар китобига кириши амалга ошишига ҳисса қўшганлари учун миннатдорлик билдираман!
— Баҳриддин, қандай мамлакатларда бўлганингизни айтиб берсангиз.
— МДҲнинг турли мамлакатлари, Латвия, Эстония, Англия, Туркия… Асосан булар ишчи сафарлар бўлган. Ростини айтсам, қачон охирги марта ростан дам олганимни эслай олмайман.
— Саёҳатлар чоғида сизга нима қизиқ бўлади?
— Қаерда бўлмай, ҳар доим биринчи навбатда дўконлар, бозорлар ярмаркаларга бораман. У ерда қанақа маҳсулотлар сотилишини ўрганаман. Уларда бизда йўқ нима бор. Масалан, Лондонда улкан улгуржи ярмаркалар бор, у ерда гўшт ёки балиқ сотиб олиш мумкин.
Имкон бўлса, албатта қаҳвахона, ресторан, ошхоналарга ташриф буюраман. Маҳаллий ошхонани тотиб кўраман. Масалан, Эстонияда пиёздан мураббо тайёрлашади — у жуда ширин бўлади! Бунақаси бошқа ҳеч қаерда йўқ!
— Қайси мамлакатда бўлишни орзу қиласиз?
— Биринчи навбатда Францияда, ошпазлик дунёси марказида. Бу йили, шунингдек, АҚШ, Греция, Ҳиндистонга сафарлар режалаштирилган. Уларнинг бари қизиқ бўлади деган умиддаман!
— Мегапалов тайёрланганидан сўнг қандай орзуингиз қолди?
— Умуман, бу ерда мақсадлар ҳақида гапириш тўғрироқ бўлади. Бир пайтлар ўз олдимга тўртта мақсад қўйган эдим: ўз ресторанимга эга бўлиш, китоб чиқариш, Гиннеснинг рекордлар китоби учун ош тайёрлаш, шунингдек, Ўзбек ошпазлиги уйини очиш. Дастлабки уч мақсад амалга ошди. Энди охиргиси устида ишлайман.
Ўзбек ошпазлиги уйини ресторанлар, музей, ошпазлар мактаби ва ҳатто ошпазлик маҳоратини ўрганадиганлар учун меҳмонхона бор жой сифатида тасаввур қиламан. Умид қиламанки, бир кун келиб бу мақсадни ҳам амалга ошираман.
Изоҳ (0)