Тейлор Белл бошчилигидаги Макгилл университети (Канада) астрономлари қайноқ юпитерлар тоифасига кирувчи WASP-12b экзосайёраси қора газ гиганти эканлигини аниқлади. Олимларнинг қўшма мақоласи The Astrophysical Journal Letters журналида чоп этилди, деб хабар беради Science Alert.
WASP-12b Ердан 1400 ёруғлик йили нарида жойлашган. У Қуёш тизимидаги Юпитердан қарийб икки баробар катта, она юлдуз атрофида эса 0,03 астрономик бирлик (1 астрономик бирлик Ер ва Қуёш ўртасидаги ўртача масофага тенг) масофасида айланади.
Бу сайёрада бир йил Ердаги бир кундай давом этади. Оқим кучлари таъсирида сайёра юлдузга ҳар доим бир тарафи билан қараб туради. Ундаги ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 2 минг даражадан ошади.
Олимлар газ гиганти атмосферасига кирадиган ёруғликнинг 94 фоизини ютишини аниқлади. Уларнинг сўзларига қараганда, қайноқ юпитерлар одатда уларга тушувчи радиациянинг 40 фоизини қайтаради. Бунинг сабабларидан бири сайёранинг кун томонида булутларнинг йўқлигидир.
Аммо сайёра бутунлай қора жисм эмас. Юқори ҳарорат туфайли у эриган металл мисол қизил рангда товланади.
Изоҳ (0)