2017 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбаси, яъни 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мажлисида қабул қилинган «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида»ги қарор бунга асос яратди.
МСК раиси М. Абдусаломов бошқарган йиғилишда мамлакатда демократик талабларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган миллий сайлов тизими яратилгани таъкидланди.
Тошкент шаҳар туманларида халқ депутатлари Кенгашларини тузиш туманлар даражасида маҳаллий бюджетни, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишда муҳим ўрин тутади. Кенгашлар сессиясида туманларда жойлашган маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари ва ахборотлари тингланади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга имкон яратади.
Бундай амалиёт пойтахт туманларининг ривожида муҳим омил бўлиб, жамоатчиликнинг Тошкент шаҳридаги ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтиради. Аҳоли вакилларининг жойлардаги маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини ўрнатиш имконини беради.
Сайланган депутатлар ўз ваколатларини 2019 йил ўтказиладиган маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига навбатдаги сайловгача амалга оширади.
Шу куннинг ўзида МСК томонидан брифинг ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов жараёнининг ОАВда кенг ёритилиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди. Сайловнинг ОАВда кенг ёритилиши сайлов жараёнининг ошкоралигини таъминлайди. Бу фуқароларнинг сайловда ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишига хизмат қилади.
Тадбирда округ ва участка сайлов комиссиялари ишини ташкил этиш, депутатликка номзодлар кўрсатиш тартиби, сайловолди ташвиқоти, манфаатдор ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки ва ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш каби масалалар бўйича ҳам маълумотлар берилди.
Изоҳ (0)