Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасининг ярим финалида тўп сурадиган 3 клуб номи маълум бўлди. Улар орасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов тўп сурадиган «Шанхай СИПГ» ҳам бор.
Шанхайликлар ярим финал йўлида Хитойнинг бошқа бир клуби, Осиё Чемпионлар Лигасининг икки карра ғолиби «Гуанжоу Эвергранд» билан тўқнаш келганди. Томонларнинг Шанхайда ўтган ўйинида Аҳмедов жамоадошлари 4:0 ҳисобида зафар қучганди. Жавоб ўйинида «Гуанжоу Эвергранд» асосий вақтни шундай ғалаба билан якунлади.
Учрашувни бошқариб борган эронлик Алиризо Фағоний қўшимча таймларга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Унда Халк ҳисобни қисқартирган бўлса, кейинроқ Рикардо Гуларт Виллаш-Боаш жамоаси дарвозасига пенальтидан бешинчи голни урди — 5:1.
Чемпионлар Лигаси регламентига кўра, сафарда урилган гол тушунчаси қўшимча таймларда инобатга олинмайди. Шу тариқа, Фағоний пенальтилар сериясига навбат берди. Бунгача форс ҳаками Аҳмедов жамоадошларидан икки кишини четлаштириб улгурганди.
Лотереяда Луис Фелипе Сколари бошчилик қилаётган «Гуанжоу Эвергранд» 4:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашув қаҳрамони, хет-трик қайд этган Рикардо Гуларт 11 метрлик зарбада адашди. Одил Аҳмедов, Халк, Оскар каби футболчилар эса пенальтини аниқ амалга оширишга муваффақ бўлди.
Чемпионлар Лигасининг ярим финалига, шунингдек, Саудиянинг «Ал-Ҳилол» ва Эроннинг «Персиполис» клублари етиб келди. Тўртинчи иштирокчи бугун бўлиб ўтадиган «Урава Ред» — «Кавасаки Фронтале» ўйинидан кейин ҳал бўлади. Мазкур жуфтлик ғолиби мусобақа финали остонасида шанхайликларга рақиб бўлади.
Осиё Чемпионлар Лигаси Чорак финал 12 сентябрь, сешанба
«Гуанжоу Эвергранд» — «Шанхай СИПГ» 5:1 (пен — 4:5)
Голлар: Алан, 21 (1:0). Алан, 35 (2:0). Рикардо Гуларт, 83 (3:0). Рикардо Гуларт, 90+1 (4:0). Халк, 111 (4:1). Рикардо Гуларт, 118-пен (5:1).Четлатишлар: Ванг Жиажие, 98 (Ш). Ванг Шенчао, 117 (Ш).Чемпионлар Лигасининг ўтган йилгисида ярим финалгача ўзбекистонлик Сардор Рашидов етиб келган бўлиб, у тўп сурадиган «Ал-Жаиш» финал йўлида Амирликларнинг «Ал-Айн» клуби довонидан ўта олмаганди. Энди Одил Аҳмедов финалга чиқишга ҳаракат қилиб кўради.
Чемпионлар Лигасининг финалида тўп суриш ўзбекистонлик футболчиларга насиб қилмаган. Бунгача Тошкентнинг «Пахтакор» (2003, 2004) ва «Бунёдкор» (2008, 2012)клублари икки мартадан ОЧЛ ярим финалига етиб келган.
Изоҳ (0)