Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқи хорижий оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотди. Уларда давлат раҳбарининг нутқида билдирилган асосий фикрларга алоҳида эътибор қаратилган кўплаб материаллар чоп этилгани ҳам бундан далолат беради, деб ёзади ЎзА.
Хусусан, BBC Ўзбек хизмати Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ислом оламининг муаммоли масалалари, аввало, илм-фан ва технологиялар борасида ривожланган давлатлардан сезиларли даражада орқада қолаётганини таъкидлаганини қайд этган. Нашр Президентнинг Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш бўйича ташаббусига алоҳида эътибор қаратган.
Шунингдек, BBC Шавкат Мирзиёевнинг мусулмон оламида фан ва технологиялар тараққиёти даражасига берган баҳосига, ИҲТга аъзо давлатлар катта молиявий салоҳиятга эга бўлса-да, иқтисодиётга инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишда фаоллик кўрсата олмаётганини афсус билан қайд этганига, фан ва технологияларни ривожлантиришга қўшилган ҳисса учун Ислом ҳамкорлик ташкилотининг халқаро мукофотини таъсис этиш ва уни кенг оммалаштириш ташаббусига ўқувчилар диққатини қаратган.
«Озодлик» радиоси Ўзбекистон Президенти мусулмон мамлакатлари олимларининг фан ва технологияларни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини муносиб тақдирлаш мақсадида ИҲТ мукофотини таъсис этишни таклиф қилгани, бу, айниқса, ёш олимларга илмий-технологик йўналишлардаги изланишларини янада фаоллаштиришга рағбат бўлишини қайд этган.
«Uaport.net» нашри ўз мақоласида бундай ёзади: «Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом олами жаҳон илм-фани ва цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси билан фахрланишга тўла ҳақли экани, Марказий Осиё ҳудуди эса Шарқ Ренессансининг йирик маркази сифатида маълум ва машҳур бўлганини таъкидлади. Алгоритм асосчиси Ал-Хоразмий, қомусий олим Ал-Фарғоний, кўплаб фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган Ибн Синонинг бой илмий ва маънавий меросининг беқиёс аҳамияти тобора ортмоқда».
«Биз Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси фаолиятини юксак баҳолаймиз ва унинг ишида янада фаол иштирок этишни режалаштирганмиз. Ташкилотимизнинг мазкур йўналишда ўн йиллик ҳаракатлар дастури натижалари белгиланган мақсадларга эришилганидан далолат беради, дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти», — деб ёзади нашр.
«Vb.kg» интернет портали Шавкат Мирзиёевнинг ИҲТга аъзо давлатлар олий таълим муассасаларининг халқаро даражаси пастлиги борасидаги сўзларига эътибор қаратган: «Аъзо давлатларнинг фақатгина 11 та олий таълим муассасаси жаҳоннинг 500 та энг яхши университети рейтингидан ўрин олган, холос. Ёки 2015 йилда дунё бўйича патент олиш борасидаги мурожаатларда бу мамлакатларнинг ҳиссаси атиги биру ўндан тўққиз фоизни ташкил этган».
«Sputnik Ўзбекистон» давлат раҳбарининг ИҲТга аъзо айрим давлатлар ўз молиявий салоҳиятидан фан ва технологияларни ривожлантиришда фойдаланмаётгани тўғрисидаги сўзларини келтиради: «Аксарият мусулмон мамлакатлари бой табиий захираларга, катта молиявий салоҳиятга эга бўлса-да, иқтисодиётга инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишда фаоллик кўрсата олмаётганини афсус билан қайд этиш лозим».
«Ўзбекистон раҳбари мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда глобал иқлим ўзгариши масаласига кўпроқ эътибор қаратиш, юқори самарали компьютер марказларини яратиш, ёш олимлар ва ёшлар билан комплекс ишлаш орқали ушбу вазиятдан чиқиш мумкинлигини таъкидлади», — деб қайд этади манба.
«Kazpravda.kz» нашри ИҲТ Доимий қўмитасининг аъзо давлатлар ҳудудида олтита Юқори самарали компутер марказини ташкил этиш тўғрисидаги тавсиясига мувофиқ, давлат раҳбари Ўзбекистон шундай марказлардан бирини ўз ҳудудида жойлаштиришга тайёр эканини билдиргани ҳамда Мусулмон олами ёш олимлари халқаро марказини тузишни таклиф этганига алоҳида эътибор қаратган.
Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги ИҲТ Фан ва технологиялар саммитини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги таклифи ҳам хорижий оммавий ахборот воситаларининг алоҳида эътиборини тортди.
Мазкур масала ҳақида тўхталар экан, «Kant.kg» давлат раҳбарининг қуйидаги сўзларини келтиради: «Аъзо давлатларнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, аҳолининг муносиб ҳаёт даражасини таъминлаш мақсадида Фан ва технологиялар бўйича саммитни ҳар уч йилда бир марта ўтказишни ва ушбу таклиф қўллаб-қувватланган тақдирда, кейинги саммитни 2020 йилда Ўзбекистонда ўтказишга тайёр эканимизни билдирмоқчиман».
Ушбу ташаббус «CA-news.org» веб-сайти материалида ҳам ўз аксини топган: «Остона саммитида сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича саммитига мезбонлик қилишга тайёрлигини билдирди».
Интернет нашри Ўзбекистон раҳбарининг ушбу ташаббуси Ташкилотга аъзо давлатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланганини қайд этади ҳамда ИҲТ Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити Остона декларацияси бандларидан бирини келтиради: «Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Ўзбекистон Президентининг ИҲТ Фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги таклифини мамнуният билан қабул қиладилар».
«Биз ИҲТ Бош котибияти ва KOMSTEK’ни (ИҲТнинг Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси) Ўзбекистон ҳукумати билан Ўзбекистонда ИҲТ Фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитини чақиришга керакли тайёргарлик ишларини бошлашга ваколат берамиз», — дейилади декларацияда.
Шавкат Мирзиёевнинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ саммитидаги нутқи оммавий ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди, интернет тармоғи фойдаланувчилари томонидан ижобий баҳоланди ва фаол қўллаб-қувватланди. Нутқ бўйича кўплаб изоҳлар билдирилгани ва ундаги фикрлар турли нашрларда қайта чоп этилгани ҳам шундан далолат беради.
Мухтасар айтганда, давлат раҳбари томонидан ИҲТ саммитида Ташкилотнинг фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасидаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга доир билдирилган ташаббуслар интернет ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланди ва кенг қўллаб-қувватланди, бугун ҳам интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар диққат марказида бўлиб турибди, деб хулоса қилинади материалда.
Изоҳ (0)