Uz24 O‘zbegim фестивали билан боғлиқ равишда интернетда кўтарилган баҳс-мунозаралар ҳақида материал эълон қилди.
Хабарингиз бор, 8 сентябрь куни Milliy TV телеканали жамоаси томонидан ташкил этилган Ўзбегим миллий қадриятлар фестивали доирасида дунёда энг катта ош тайёрланди. Паловнинг оғирлиги 7,360 тоннани ташкил этди. Рекордни қайд этиш учун Guinness World Records вакиллари: ҳакам Ричард Стэннинг, тасвирчи Оливер Грэйнжер, бошловчи, ҳалқа айлантириш бўйича дунёнинг саккиз карра рекордчиси Марава Вомп Ўзбекистонга келди.
Тайёр ош шу куннинг ўзида «Мурувват», «Саховат», қариялар ва ногиронлар уйларига ҳамда фестиваль ҳудудидаги 14 жойда меҳмонларга тарқатилди.
Ушбу йирик тадбир нафақат маҳаллий, балки бир қанча хорижий ОАВда ҳам ёритилди. Бироқ... бироқ интернет тармоқларида тадбирда кузатилган баъзи ҳолатлар ҳам «ёритилмоқда»-ки, бунинг натижасида одамларда турли фикрлар юзага келмоқда. Гап фестивалга келган одамларнинг ярмаркаларда тарқатилган бепул озиқ-овқат ва ошни талашиб-тортишаётгани акс этган видеолар ҳақида. Бу видеоларни кўрган интернет фойдаланувчиларининг баъзилари халқимизни «очофатлик»да, маданиятсизликда ва бошқа салбий жиҳатларда айблашга тушиб кетди. Лекин ҳолатга объектив қараб, бундай «маданиятсизликлар» ҳамма жойда ҳам бўлиши мумкинлигини ва бунга далиллар етарлича эканлигини айтаётганлар ҳам бор. Мисол учун, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в.б. Шерзод Шерматов шундай дейди:
«Кечаги тадбир давомида олинган баъзи видеоларни кўриб дарров халқимиз ҳақида салбий хулоса чиқараётганлар, умуман ўзи одамларни жуда кўп йиғилиши ва текин ёки жуда арзон маҳсулотларни тарқатилишида деярли исталган давлатда шундай ёки бундан анча ёмон ҳолатлар кузатилиши мумкинлигини инобатга олиб қўйишса яхши бўларди.
Ҳатто иқтисодий ривожланиши жиҳатидан биздан анча олдинда бўлган АҚШда ҳам деярли ҳар йили бундан анча ёмон ҳолатлар кузатилади.
Масалан:
Ёки:
Бу қиммат нарсалар, оддий овқат учун бундай бўлмайди дейилса, марҳамат бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин:
Москвадаги рекорд салат тарқатилишидаги ҳолат:
Севастополдаги рекорд салат тарқатилишидаги ҳолат:
Нижнекамскдаги текин чакчак тарқатишдаги ҳолат:
Хуллас, овқат қилиш бўйича рекорд қўйиш ҳам, уни аҳолига тарқатиш ҳам осон иш эмас. Асосийси, ташкилотчилар қўлларидан келган барча ишни амалга оширди ва Ўзбекистон номини дунёда таралишига яна бир бор ўз ҳиссаларини қўшди», — дейди Шерзод Шерматов.
Вазир тадбирга аҳолининг шунчалик кўп келишини, айниқса, ёш болалари билан биргаликда келишини мамлакатдаги тинчлик-осойишталикка бўлган улардаги ишончдан далолат, деб баҳолади.
«Тинчлигимизга ва аҳолимиз аҳиллигига кўз тегмасин. Нафақат овқат пишириш бўйича, балки бошқа кўплаб соҳалар бўйича доимо дунёда юқори марраларга эришиб юриш ватанимизга ва халқимизга насиб бўлсин. Барчамиз шундай ютуқларга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳамда бўлиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишга ҳаракат қилайлик», — деб фикрини якунлади вазир.
Вазирнинг постига ҳуқуқшунос, блогер Хушнуд Худайбердиев шундай изоҳ қолдирди:
«Бундай ҳолат қайсидир миллатнинг эмас, инсониятнинг муаммоси. ‘Ўзбеклар унақа, ўзбеклар бунақа’, деб миллатни қоралаётганлар аслида маданиятдан мосуво. Инсоният борки, қисқа вақтда тугайдиган ва сони чекланган нарсаларга шошилади, қолганлардан олдинроқ олиб қолай, деб ҳаракат қилади. Бу хоҳ энг ривожланган давлатда бўлсин, хоҳ энг қолоқ давлатда. Хоҳ энг маданияти гуллаган жамият бўлсин, хоҳ энг маданиятсиз жамиятда. Муаммо инсониятники, айни бир миллатники эмас».
Изоҳ (0)