АҚШнинг Флорида штатида яшовчи қарийб 500 минг киши яқинлашиб келаётган «Ирма» тўфони сабабли ўз уйларини ташлаб кетди. Кўпчилик ўз автомобилида йўлга чиқишни ма‘қул кўрди ва бу автомагистралларда жиддий тирбандликларни юзага келтирди. Ҳолат акс этган видео BFMTV томонидан тақдим этилган.
https://www.facebook.com/BFMTV/videos/10156073781472784/
Штатдан чиқиб кетаётганлар бензин тақчиллиги муаммосига ҳам дуч келган. Ёқилғи қуйиш шохобчаларининг қарийб ярмида ҳеч қандай ёқилғи қолмаган.
«ТАСС»нинг ёзишича, тўфон марказига тушадиган Майами-Дейд, Броуард, ва Палм-Бич округларида олти миллион киши яшайди. Эвакуацияни тезлаштириш мақсадида штат раҳбарияти Флориданинг жанубий ҳудудидан шимолга олиб борувчи йўллардаги йиғимларни бекор қилган.
Флорида транспорт департаменти маълумотларига кўра, шимолга олиб борувчи 95-шосседаги машиналар сони 7 сентябрь, пайшанба куни соатига тўрт мингтани ташкил қилган. Одатий ҳолда эса уларнинг сони соатига мингта бўлган. Бундан ташқари, 75-шосседа полиция йўл четидан ҳаракат учун қўшимча қатор сифатида фойдаланишга рухсат берган.
Майами, Форт-Лодердейл ва Ки-Уэст аэропортларида қўшимча рейслар ташкил қилинган. Кутилганидек, бу аэропортларнинг иши 9-сентябр куни тўхтатилади.