Россия авиацияси Дайр аз-Зор шаҳрида ИШИД қўмондонлик пункти, алоқа тармоғи ва 40 нафар жангарини йўқ қилди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Ўлдирилган жангарилар орасида 4 нафар нуфузли дала қўмондони, жумладан, ИШИД «мудофаа вазири» Гулмурод Ҳалимов ва «Дайр аз-Зор амири» Абу Муҳаммад аш-Шимолий бўлгани билдирилмоқда.
2015 йилда жангарилар томонига қочиб ўтган Тожикистон ИИВ махсус бўлинмасининг собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимов Абу Умар аш-Шишаний йўқ қилинганидан сўнг ИШИД «мудофаа вазири» лавозимини эгаллаганди. ОАВ унинг террорчилар етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг вориси этиб тайинлангани ҳақида маълум қилганди.
Саудия Арабистони фуқароси бўлган Абу Муҳаммад аш-Шимолий ИШИДнинг «молиявий масалалар бўйича амири» саналарди. У логистика, ёлланган шахсларни машғулот базаларига етказиш билан ҳам шуғулланган. Европа махсус хизматлари аш-Шимолийни Парижда 2015 йил ноябрида амалга оширилган терактлар ташкилотчиси ҳисоблайди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)