Тошкент вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномасини беришдаги коррупциявий ҳолат фош этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилди.
Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига фуқаролар Б. Арабов ва А. Асроров ариза билан мурожаат қилиб, «Авто-мото ҳаваскорлар» МЧЖ автомактаби инструкторлари Д. Қурбонов ва С. Аҳатовлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун синов имтиҳонларидан ўтказиб бериш эвазига уларнинг ҳар биридан 130 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини талаб қилаётганлигини билдирган.
Ариза асосида Бекобод шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳамкорликда бир қатор тезкор-тергов тадбирлари ўтказилиб, уларнинг натижасига кўра Д. Қурбонов (1983 йили туғилган) ва С. Аҳатов (1973 йили туғилган), вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси туманлараро бўлинмаси ходими Н. Султонов (1984 йили туғилган) ва унинг норасмий ёрдамчиси Д. Абдувоҳидов (1975 йили туғилган) 260 минг сўм пул маблағларини пора тариқасида олганлиги учун ушланди.
Тадбир давомида гумонланувчилар бундан олдин ҳам ЙҲХБ ходимига фуқаролардан пора олишда кўмак берганлигини билдириб, Д. Абдувоҳидов ихтиёрий равишда муқаддам Н. Султоновга бериб қўйиш учун юқоридаги автомактаб инструкторларидан олиб, ўз автомашинасида сақлаб келаётган 1 миллион сўм пул маблағларини терговга тақдим этди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210 ва 212-моддалари (пора олиш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)