Наманган вилояти Чуст туманида уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган фуқароларнинг бир гуруҳига янги барпо этилган кўп қаватли арзон уйлардан хонадонлар калити тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги «2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги ҳамда 2016 йил 22 ноябрдаги «2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ, аҳолининг кенг қатлами учун замонавий ва шинам турар жойлар бунёд этилиб, кам таъминланган ва ёш оилалар, ёлғиз кекса ва ногиронлар имтиёзли равишда уй билан таъминланмоқда.
Ушбу ҳужжатлар асосида жорий йилда Наманган вилоятида йигирмага яқин уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз имтиёзли ипотека кредити асосида уй билан таъминланади. Бошланғич бадал Президент томонидан тўлаб берилмоқда.
Чуст туманининг Сабзазор массивида барпо этилган икки қаватли, 64 хонадонли тўртта уй фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда вилоят, туман ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Изоҳ (0)