Буюк Британия ИШИДга қарши кураш охирги босқичга кириши муносабати билан Ироқ ғарбидаги Айн ал-Асад авиабазасига 44 нафар қироллик муҳандисини юборади. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик мудофаа вазири Майкл Фэллон баёнот берди, деб хабар қилади «ТАСС».
Шу тариқа, ушбу авиабазадаги британиялик ҳарбийларнинг умумий сони 300 кишига, умуман Ироқда хизмат қилаётган британияликларнинг умумий сони эса 600 кишига етади.
«Қўшимча бўлинма ИШИД мағлубиятини яқинлаштириш учун операцияларни қўллаб-қувватлайди», — маълум қилди мудофаа вазири.
Кипр ҳарбий-ҳаво кучларининг Акротири авиабазасида жойлашган Британия самолётлари ИШИДнинг Сурия ва Ироқдаги марраларига охирги икки йил ичида 1200 зарба берди.
«Биз глобал коалициянинг асосий иштирокчиси сифатида ИШИДга қарши курашга қўшаётган ҳиссамизни ошириб бормоқдамиз», — қайд қилиб ўтди Майкл Фэллон.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)