Кимдир музли қитъа остидаги ҳаётга кўз ташлаш бахтига сазовор бўлса, унга нафақат пингвинлар ва тюленлар, балки бошқа, янада экзотик ҳайвонлар яшовчи ёрқин ва мафтункор дунё очилади. National Geographic Лоран Баллестанинг Антарктида ҳақидаги таассуротлари ва такрорланмас суратларини тақдим этади.
Шарқий Антарктидада жойлашган Дюмон-д’Юрвиль француз илмий станциясидан йўлга чиқиб тонгда белгиланган жойга етиб келганимиздан сўнг куни кеча ўйилган муздаги тешик устида ҳосил бўлган муз қатламини синдиришимизга тўғри келди. Ўйиқ уч метрлик музда ҳосил қилинган. Аввал бу каби кичик тешикдан ўтиб, шўнғишимизга тўғри келмаган. Мен биринчи шўнғидим.
Кафт, тизза ва ластлар билан италириб, бу туннелдан ўтишга эришдим, ва ниҳоят, сувга шўнғидим, юқорига қараб — ўзимни ёмон ҳис қилдим: муздаги ўйиқни яна муз қоплай бошлаган эди.
Музликларнинг қуйи қатлами — муз кристалларининг зич аралашмаси бўлиб, сувга шўнғишим уларни ҳаракатга келтирди. Улар худди гирдобга тортилгандек ўйиққа оқиб кела бошлади. Юқорига кўтарилиш вақти келганда, муз бўтқаси ўйиқни деярли бир метрга тўлдириб қўйган эди. Суғурта арқонидан тутган ҳолда сантиметр-сантиметрлаб юқорига кўтариламан, шунда елкаларим тиқилиб қолади. Кутилмаганда бошимга зарба берилганини ҳис қиламан — дўстим Седрик Жантиль мени қазиб олишга уриниб, тасодифан курак билан бошимни тепа қисмига уриб юборган эди. Ниҳоят қўлларимдан тутиб, юқорига олиб чиқишади. Бугунги шўнғиш ўз якунига етди — бироқ яна 31 та уриниш ҳали олдинда. Биз Винсент Мюнье билан, у ҳам фотограф, бу ерга кинорежиссёр Люк Жакенинг таклифи билан келдик. У 2015 йилги муваффақиятли лойиҳаси — «Пингвинлар марши» устида ишламоқда. Жаке император пингвинларини видеокамерага тасвирга, Мюнье эса уларни суратга олгунга қадар менинг жамоам муз остида яшовчи мавжудотларни суратга олади.
Брайникли — муз сталактитлар — Дюмон-д’Юрвиль станцияси яқинидаги музликларда ўсади.
Promachocrinus kerguelensis
Муз остидаги 30 метр чуқурликда денгиз лилияси озуқа парчаларини тутиш учун қўлларини ёйиб юборган. У ўсимлик эмас, ҳайвон; денгиз юлдузининг яқин қариндоши ҳисобланади ва сузишни билади.Periphylla periphylla
Ёруғлик тарқатувчи корономедуза, диаметри 36 сантиметрга яқин бўлиб, 40 метрлик чуқурликда сузади.Leptonychotes weddellii
Уэдделл тюлени урғочиси боласи билан муз остида сузмоқда. У катта бўлганда онасининг ўлчамларига: узунлиги уч метр, оғирлиги ярим тоннага етади.Edwardsiella andrillae
Денгиз биологи Мэримеган Дейли бу актиниянинг музда яшашга қодир ягона тури эканлигини таъкидлайди. Олимлар у қандай муз ичига кириб, унда яшашини тушунтириб бера олмайди.Кийимларни кийгунга қадар бир соат вақт сарфланади. Ва ниҳоят, сувга шўнғиганимизда ҳар биримизда 90 килограммлик аслаҳа-анжом бўлади. Уйда, Францияда, тайёргарлик учун икки йил сарфлаганмиз. Классик моделлар заиф жиҳатини аниқлаш учун гидрокостюм ишлаб чиқарувчилар билан иш олиб бордик. Сув ҳарорати минус 1,8 даража бўлиши керак эди. Агар костюмларимиз сув ўтказмайдиган бўлмаса, биз ўн дақиқадан кейин ҳалок бўлишимиз мумкин эди, мукаммаллаштирилган қурилмалар туфайли сув остида беш соатгача қолишимиз мумкин.
Йўқолиб қолиш ва сув остида бир умр қолиб кетишдан энг кўп қўрқамиз. Шунинг учун ортга қайтишимиз учун сариқ люминессент тросни ўзимиз билан бирга оламиз.
Туғилганлигига бор-йўғи бир неча ҳафта бўлган Уэдделл тюленининг қизиқувчан боласи камерага жуда яқин келди.
Совуқ юзимиздаги бир неча сантиметр очиқ жойни тезда сезгидан маҳрум қилади, сувга шўнғиш давомида костюм ва қўлқопларимиз остига киради. Организмим Европага қайтганимдан сўнг етти ойдан кейингина ўзига келади.
Шарқий Антарктидада тюлен, пингвин ва бошқа қушларнинг бир неча хил турлари яшайди, ерда яшайдиган сутемизувчилар эса умуман йўқ. Бундан сув ости ҳам турли-туманлиги билан хурсанд қилмаслигини тахмин қилиш мумкин эди. Аслида эса у ер бой тарихга эга ҳашаматли боғ эканлиги аниқ бўлди.
Антарктида денгиз ҳайвонот ва ўсимлик дунёси қитъа бошқаларидан ажралиб, музлаб қолгандан кейин сайёранинг қолган қисмидан миллионлаб йилга ажралиб қолди. 9—15 метр чуқурликда уч метрлик қўнғир сувўтларини кўрамиз. Янада чуқурроқда диаметри 38 сантиметргача етувчи денгиз юлдузларига дуч келамиз. Шундан сўнг гигант денгиз ўргимчаклари пайдо бўлади: бўғимоёқлилар уларнинг ердаги турдошлари каби барча денгиз ва океанларда учрайди. Шунчаки, иссиқ сувларда бу ўргимчаклар кичкина, Арктика сувларида эса улар 30 сантиметрдан ошиши мумкин.
50 метргача тушганимизда ёруғлик хиралашади, қўнғир ва бошқа сувўтлари кўздан ғойиб бўлади. Бундай чуқурликда денгиз лилиялари ва гигант баравароёқли қисқичбақалари учрай бошлайди.
Гигант баравароёқли қисқичбақаси эшакқуртга ўхшайди — у ҳам хавф-хатарни сезганда кулча бўлиб олади. Фақат унинг узунлиги 12 сантиметргача етади.
Биз шўнғишимиз мумкин бўлган энг узоқ чуқурлик — 70 метрда турларнинг хилма-хиллиги энг кўп. Кўз ўнгимизда шохли маржонлар, моллюскалар, юмшоқ маржонлар ва ранглари турли-туманлиги билан кишини ҳайратга солувчи кичкина балиқлар намоён бўлади.
Бу балиқларнинг қонида совуққа чидамли оқсиллар мавжуд бўлиб, улар минус 1,8 даража совуққа чидашга ёрдам беради.
Glyptonotus antarcticus
Adamussium colbecki
Colossendeis megalonyx
Macroptychaster sp. (денгиз юлдузи)
Изоҳ (0)