Президентнинг 21 августдаги ПҚ-3230-сон «2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат давлат раҳбарининг расмий сайтида жойлаштирилган, деб хабар беради Norma.
Ҳужжат билан Қорақалпоғистон, вилоятлар ва уларнинг туманлари кесимида 2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини турлари бўйича жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари, барча тоифадаги хўжаликларда етиштириладиган сабзавот маҳсулотларининг прогноз кўрсаткичлари, шунингдек, сабзавот экинларини экиш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳажмлари ҳисоб-китоби тасдиқланди.
2017 йил 25 августгача фермер ва деҳқон хўжаликларига дориланган ва сертификатланган уруғликлар 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шарти билан етказиб берилади. 10 сентябргача эса Тошкент шаҳар ярмаркалари, тайёрлов ва экспорт қилувчи ташкилотлар фермер хўжаликларига тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда аванс маблағларини ўтказиб беради.
Экинларни экиш ва уларни парваришлаш учун ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари республикада шаклланган нархларга 10 фоизгача устама қўйилиши орқали таъминлаб берилади.
Эрта баҳорда етиштирилган маҳсулотлар 2018 йилнинг март ойидан бошлаб ички бозорлар ва Тошкент шаҳар ярмаркаларига етказиб берилади.
Ҳужжат қатор бошқа қоидаларни ҳам ўз ичига олади.
Изоҳ (0)