Пойтахтнинг «Эски жўва» деҳқон бозоридаги мева-сабзавот улгуржи савдоси майдончаси Зарқайнар кўчасидан «Чорсу» метро бекатига кириш қисмининг ўнг тарафидаги бўш ҳудудга вақтинча кўчириб ўтказишга қарор қилинди. Тошкент ҳокими шу ҳақдаги фармойишни имзолади, деб хабар қилади «Газета.uz» шаҳар маъмурияти қошидаги Савдо департаментига асосланиб.
Ҳозирда тонгги бозор Сақичмон кўчасидан кириш қисмида жойлашган. Фермер ва деҳқонлар бу ерга ўз мева-сабзавот маҳсулотларини олиб келиб, эрталабки вақтларда арзон нархларга сотади.
Вақтинчалик кўчириш тўғрисидаги қарор ҳосил мавсуми бошланиб, бозорга мева ва сабзавот маҳсулотларини келтириш ҳажмлари сезиларли ошгани муносабати билан қабул қилинди.
«Сабзавот сотувчилари тонгги вақтларда автоуловлардан бозор автотураргоҳи ва бошқа ён атрофдаги кўчаларда маҳсулотларини сотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, сабзавотлар автотураргоҳ майдонида тонг саҳарда юк ва енгил автомашиналар ҳамда ердан улгуржи савдо қилинмоқда. Кўп ҳолларда сабзавот ортилган автоуловлар жой етмаганидан кўчанинг йўл қатнов қисмига чиқиб савдо қилиши натижасида аҳоли ва автотранспорт воситаларига ноқулайликлар туғдириб, тирбандлик ҳолатлари юзага келмоқда», — дейилади департамент хабарида.
Мазкур вақтинчалик чора пишиқчилик мавсуми ўтгунча яъни 15 ноябрга қадар амал қилади. Тонгги савдолар мазкур ҳудудда тонгги соат 4:00 дан 11:00 гача давом этади.
Изоҳ (0)