Тошкентда апрель ойидан бошлаб «Замонавий маҳалла» лойиҳаси бошланди. Шаҳарни ободонлаштиришга қаратилган ушбу лойиҳа аҳоли яшайдиган кварталларни обод қилиш ҳамда маҳалла марказларининг қурилишини назарда тутади, деб хабар беради «Газета.uz».
Бундан ташқари, бу ерда фуқаролар йиғинлари бинолари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, кутубхналар, чойхоналар ва бошқа объектлар қурилиши режалаштирилмоқда.
Шундай катта мақсадлар қўйилаётганига қарамай, барча маҳаллалар ҳам бундай ташаббусга рози эмас. Нашрга айрим шахслардан «ҳаётни зўрма-зўраки яхшилаш»га қарши мурожаатлар келиб туша бошлади. Уларда ҳокимият ва ўз-ўзини бошқариш органлари фуқаролардан бехабар чоралар кўрилаётгани айтилади.
Жумладан, пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Белариқ маҳалласида аҳоли бир неча ҳафтадан буён болалар майдончаси, автотураргоҳ бузилиб, яшил ўт-ўлан экилишига қарши курашмоқда.
2013 йили гаражлар бузилганидан сўнг бу ҳудудлар овлоқ аҳволда эди. Одамлар ўзларининг ҳисобидан бу ерларни чиқиндидан тозалаб, болалар майдончалари қурган, йўлларни асфальтлаштирган, дарахтлар эккан.
Апрель ойида маҳалла маркази қурилиши бошланди. Уч қаватли бинода омборхоналар ва ёрдамчи хоналар (ертўлалар), маҳалла гузари, чойхона, новвойхона, дўконлар (1-қават), гўзаллик салони, спортзал, ателье, тўгараклар хонаси (2-қават), офис бинолари (3-қават) бўлиши айтилмоқда.
Аҳоли бу қурилишга қатъиян қарши чиқмоқда.
«Бу ерда савдо нуқталари керак эмас, бир қадам нарида ‘Аския’ бозори жойлашган. Яқин атрофда супермаркетлар бор. Бизга Президент фармони бор, замонавий маҳалла қуриш керак дейишяпти. Яхшилаш, реконструкция қилиш кераклигига қўшиламиз. Қурилишга қўшилмаймиз», — деди маҳаллада яшовчи Ирина Лапушкина.
Аҳоли қурилиш ишларига қарши курашиш мақсадида Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилди, аммо ҳозирча натижа бўлмади.
Ҳокимият вакилининг сўзларига қараганда, бошқа маҳаллаларда бундай ўзгаришларга ижобий фикр билдирилмоқда.
Изоҳ (0)