Мустақиллик байрамини нишонлаш арафасида пойтахтда профилактик тадбирлар давом этмоқда, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ.
«Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ҳамда фавқулодда ҳолатларни олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида 2017 йил 30 июль кунидан ‘Тозалаш-Антитеррор’ тадбири ўтказилиб келинмоқда», — дейилади хабарномада.
Айтилишича, тадбир давомида ҳозирги кунга қадар Тошкент шаҳар ҳудудида 475532 та объект — кўп қаватли уйлардаги хонадон, ертўла ва чордоқлар, ҳовли-жойлар, корхона ва ташкилотлар ҳамда бошқа турдаги объектлар текшириб чиқилмоқда.
Тадбир жараёнида гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилинишини билан боғлиқ бўлган 44 та жиноят аниқланиб, 6,963 килограмм гиёҳванд моддалар расмийлаштириб олинди, шунингдек 16 та фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик қилиш жиноятлари ҳамда иккита ўқотар қуролларни ноқонуний сақлаш жиноятлари аниқланди.
Тадбир давомида жиноят содир этилиб, тергов ва суд органлари томонидан қидирувда бўлган 90 киши ушланди.
Мавзе ва маҳаллаларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш борасида жамоат вакиллари билан биргаликда маҳаллаларда ва корхона ташкилотларда ҳамда таълим муассасаларида хавфсизлик юзасидан 1023 та учрашувлар ташкил этилди. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида кўп қаватли уйларга қўшимча 354 та видеокузатув камералари ўрнатилиб, 209 та хонадон Тошкент шаҳар ИИББ хузуридаги Қўриқлаш бошқармаси томонидан қўриқловга олинди.
Изоҳ (0)