Президент 10 августда имзолаган «Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор билан эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш белгиланди. Бу ҳақда Uz24 хабар бермоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уюшма билан биргаликда ушбу ишларини белгиланган тартибда йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасини сақлаш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари, шунингдек, уюшманинг ҳамда уюшмага қарашли бўлган Республика миллий матбуот марказининг моддий-техник базасини ривожлантиришни молиялаштириш манбаси этиб Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш «Илҳом» жамоат фонди маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланди.
Уюшманинг Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари давлат бюджетидан «Илҳом» жамоат фондига ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидия) ҳисобидан қопланади.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик компаниясининг уюшмага хайрия асосида битта Damas русумли автомашинасини ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Изоҳ (0)