Улар оғзида олтин қошиқ билан туғилиб, очкўз, инсофсиз ва ҳар қандай йўл билан ҳокимиятга интилувчи бўлиб улғайган. Ёшлигида камбағал бўлган бўлса-да, бойликка матонатли меҳнат эмас, фирибгарлик ва таниш-билиш ортидан эришган. Бу каби қарашлар барчамизга таниш. Кўпчилик бойлар ҳақида айнан шундай фикр юритади. Бугунги кунда миллиардер илк бор АҚШ президентига айланиб, бой ва фақирлар ўртасидаги фарқ бутун дунё бўйича ўсиб бораётган пайтда бу каби мифларга ишониш янада осон.
Аслида эса барчаси бир мунча мураккаб, деб ёзади InsiderPro.
Улар ҳашаматга кўмилиб яшайди
Кимдир сизга бадавлат бўлиб кўринса, унинг ишлари сиз ўйлагандек яхши бўлмаслиги мумкин. 1996 йилда чоп этилган «Қўшни миллионер» китоби муаллифлари Стенли Томас ва Данко Уильям бойлиги 1 миллион доллардан ортиқ бўлган аксарият оилалар ўрта синф вакиллари яшовчи туманларда истиқомат қилиши ва ўз мақомига урғу берувчи харидларни амалга оширмаслигини аниқлаган эди.
Пул уларни янада бахтли қилади
Даромаднинг ошиши кишини маълум бир вақтга қадар бахтли қилади. Молиявий жиҳатдан қайғурмасдан севимли ишингиз билан шуғулланиш учун етарли маблағ ишлаб топганингиздан сўнг бундан кейинги даромаднинг ўсиши кайфиятингизни ортиқ кўтармайди. Бадавлат кишилар ўз ишида муваффақиятга эришганлиги ёки шунчаки бўш вақти кўпроқ бўлганлиги учун ҳақиқатда бахтлироқ яшайди.
Уларга бойлик мерос бўлиб ўтган
Албатта инсоннинг келиб чиқиши аҳамиятга эга, бироқ ҳамма нарсани ҳам белгиламайди. Бутун дунё бўйича 2 170 миллиардерни ўрганган Wealth-X тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, улардан 60 фоизи пулларни мустақил ишлаб топган, фақат 20 фоизигина мерос қилиб олган.
Улар оғир меҳнат қилмайди
Томас Корелли бойлар одатларини беш йил давомида ўрганди. У бадавлат кишиларнинг 86 фоизи, камбағалларнинг эса бор-йўғи 57 фоизи тўлиқ иш куни, ҳафтасига 50 ва ундан ортиқ соат ишлашини аниқлади. Бойларнинг 67 фоизи телевизорни кунига бир соатдан кам кўргани ҳолда, камбағалларнинг 77 фоизи бунинг учун кунига бир соатдан кўп вақт ажратади.
Бунга Tesla (NASDAQ: TSLА) асосчиси Илон Маск ёрқин мисол бўла олади. У карьераси бошида ҳафтасига 100 соат ишлаган бўлса, кейинчалик иш соатларини ҳафтасига 80—90 соатгача қисқартиришга эришди.
Уларга хонавайрон бўлиш таҳдид қилмайди
Даромадингиздан кўп харажат қилсангиз ёки қалтис инвестициялар кирицангиз хонавайрон бўласиз — бу бойлар ва камбағалларга бирдек дахлдор. Айнан қалтис инвестициялар туфайли Хосе Кансеко, Майк Тайсон, Марк Твен ва Уолт Disney, Генри Форд каби омадли бизнесменлар, ҳатто қачонлардир казиносини банкрот қилган АҚШ президенти Дональд Трамп банкротлик ҳақида эълон қилган.