Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов тўп сурадиган Хитойнинг «Шанхай СИПГ» футбол клубида қарздорлик мавжуд. Бу ҳақда Mirror Хитой футбол ассоциацияси ва Осиё футбол конфедерациясига асосланиб хабар берди.
Йил бошида Хитой клублари бир қатор қиммат харидларни амалга ошириб, ўз сафини легионер футболчилар билан тўлдиришга ҳаракат қилганди. Хитой спорт қўмитасининг легионер футболчиларга бўлган чекловидан кейингина бу ҳол тўхтади.
Сотиб олинган футболчиларга ваъда қилинган маошларда эса қарздорлик мавжуд. Бу ҳолат фақатгина «Шанхай СИПГ»да эмас, Суперлиганинг жами 13 та клубида қайд этилган. Жумладан, Луис Фелипе Сколари билан кетма-кет икки йилдан буён Хитой чемпионлигини қўлга киритиб келаётган «Гуанжоу Эвергранд» клубида ҳам.
Мазкур 13 клуб олдига шу йилнинг 15 август санасига қадар муҳлат берилди. Мана шу муддат ичида улар легионер футболчилар олдидаги қарздорликдан қутулмаса, келаси мавсумни Хитой Биринчи дивизионида ўтказишга мажбур бўлади. Одил Аҳмедов клубидан ташқари бунда Анзур Исмоилов ва Егор Кримец тўп сурадиган жамоалар номи ҳам бор.
Қарздорлиги мавжуд бўлган Суперлига иштирокчилари:
- «Гуанжоу Эвергранд»
- «Шанхай СИПГ»
- «Бейдзин Гуоан»
- «Чанчун Ятай»
- «Хебей Чайна Форчун»
- «Чунцин Лифан»
- «Гуанчжоу Фули»
- «Сзянсу Сунин»
- «Ляонин Хувин»
- «Шандонг Лунен»
- «Шанхай Шенхуа»
- «Тяньцзинь Сюанцзян»
- «Тяньцзинь Теда»
Изоҳ (0)