Ленивец дарахтларда ўрмалаб, барглар билан овқатланадиган, ерда юришга яхши мослашмаган сутемизувчи ҳайвондир. У доим ухлаши ростми? Нега жуда секин ҳаракатланади? Ерда юрадими? National Geographic нашри журналистлари Елена Срапян ва Александр Фёдоров Коста-Рикага сафар уюштириб, олимлар билан мулоқот қилди ва бу ёқимтой жониворлар ҳақида ғаройиб фактларни тўплади.
Ленивецлар ҳар хил бўлади
Дунёда ленивецларнинг икки оиласи — икки бармоқли ва уч бармоқли оилалари мавжуд бўлиб, улар ўртасида умумийлик кам. Икки бармоқли ленивецнинг вазни 9 килограммга етади, улар хом мевалар билан ҳам озиқланади, шунинг учун жуда ўткир тишларга эга. Уч бармоқли ленивецлар эса кичикроқ, оқ-қора тусда бўлиб, фақат барглар билан озиқланади, шу сабабдан ўткир тишлари йўқ. Дастлаб икки бармоқли ва уч бармоқли ленивецлар битта Bradypodidae оиласига бирлаштирилган, бироқ тадқиқотлар уларнинг ўхшашлиги бир хил муҳитга мослашиш оқибати, икки оила эволюцияси эса турли йўллар билан кечганлигини кўрсатади.
Олимлар ленивецлар ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди
Ленивец неча йил умр кўради? У қандай ҳаракатланади? Нега фақат ўзи озиқланадиган нарсаларни истеъмол қилади? У қанчалик ақлли? Бу ва бошқа кўплаб саволларга зоологларда ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Айниқса бу икки бармоқли ленивецларга тааллуқли: уч бармоқлилар онда-сонда ўрганилади: улар кўпроқ дўстона муносабатда бўлиб, олимларга зарур асбобларни кийдириш имконини беради.
Одамлар ленивецларни жаҳлдор ва ифлос ҳайвонлар деб ҳисоблайди
Бу ҳақда гапириш қанчалик қайғули бўлмасин, Коста-Рика ва Панама аҳолиси яқин вақтларга қадар ленивецларни ифлос, тажовузкор ва хавфли ҳайвон деб ҳисоблаб келган. Аслида эса улар энг ёқимтой жониворлар бўлиб, экинларга зарар етказмайди, одамларга ҳужум қилмайди ва одамлар касалликларини тарқатмайди.
Ленивецлар уйқучи эмас
Одатда ленивецлар кунига 12—14 соат уйғоқ бўлади — бу аксарият одамларникидан кам эмас. Бироқ улар секин ҳаракатланиш ва доимий равишда дам олиб туришга мажбур: ленивец озуқаси жуда паст калорияли бўлиб, уни улкан ошқозоннинг тўртта бўлимида ҳазм қилиш бир ой вақт талаб қилади. Шунинг учун қувватни тежашга тўғри келади.
Ленивецлар жуда кучли
Ленивецлар танасининг атиги 20 фоизини мушаклар ташкил қилади: таққослаш учун вояга етган одам танасининг 35—50 фоизи мушаклардан иборат. Бироқ шунга қарамасдан, ленивецлар жуда кучли: улар бошини пастга қилиб, ҳолатини ўзгартирмасдан бир суткадан ортиқ осилиб туриши мумкин.
Ленивец ҳафтада бир марта ҳожатга чиқади
Ленивецлар бутун ҳаётини дарахтларда ўтказади. Бироқ ҳожатга чиқиш учун ленивец пастга тушиши лозим. Унинг ўз дарахти остига кўмган чиқариндиси бошқа турларга бу ер бандлигини англатади. Ер улар учун жуда хавфли, шунинг учун катта ёшли ленивецлар ҳафтасига бир марта (бир мартада бир килограммгача) ҳожатга чиқади.
Сув ичмайди
Ленивецлар зарур намликни озуқадан — барглар ва яшил мевалардан олади.
Ленивецлар ерда юришни деярли билмайди
200 минг йил бошингни пастга қилиб осилиб турган бўлсанг, оёқда ишонч билан туриш қийин. Шу туфайли ленивец ерда эмаклаб ҳаракатланади. Бундай лаҳзаларда улар бардан уйига етишга қодир бўлмаган пиёнистани эслатади.
Ленивецнинг ҳомиладорлигини кўз билан пайқаш имконсиз
Уларнинг боласи шунчалик кичкина бўлиб туғиладики, урғочи ленивецнинг ҳомиладорлигини фақат УТТ ёрдамида аниқлаш мумкин. Шунга қарамасдан ҳомила 11 ой давомида шаклланади, янги туғилган ленивец жун қоплами, тўлиқ ривожланган тишлар, кўзлар, қулоқлар ва ҳаётий муҳим тизимларга эга бўлади.
Ленивец метаболизми инсонларникига қараганда тезроқ
Сусткашлигига қарамасдан, ленивецлар жароҳати инсонларникига қараганда икки марта тезроқ тузалади. Ленивецларнинг ўсиши ҳам тезроқ.
Ленивец кўпроқ совқотади
Ленивецлар ҳаво ҳарорати камдан-кам 30 даражадан пасаювчи ёмғирли ўрмонларда яшайди. Шунинг учун кўпчиликда савол пайдо бўлади: нега улар бунчалик пахмоқ? Жавоб оддий: ленивецлар деярли ҳаракатланмайди, шунинг учун улар бошқа ҳайвонларга қараганда кўпроқ совқотади.
Ленивецларнинг асосий душмани — улкан довул қуши
Ленивецлар баланд дарахтларда яшайди, шу сабабдан уларга ердаги йиртқичларнинг етиши қийин. Аксарият йирик қушлар учун эса ленивец катталик қилади. Бироқ қанотининг қулоч ёйиши икки метргача етадиган Америка гарпияси учун эмас. Бироқ ленивецларнинг бахтига ҳозирда довул қуши деярли қирилиб кетган.
Деярли барча тилларда «лен» (эринчоқлик) ва «ленивец» сўзлари қардош сўзлар
Ленивец япончада «намакемото» деб аталиб, у «дарахтда яшовчи эринчоқ нарса» деган маънони англатади.
Изоҳ (0)