АҚШнинг Техас штати, Сан-Антонио шаҳридаги Walmart гипермаркети автотураргоҳида қолдириб кетилган юк машинаси ичидан саккиз жасад ва 30 ярадор одам топилди. Бу ҳақда ForumDaily хабар бермоқда.
Полиция воқеани одам савдоси билан боғламоқда.
Жабрланганларнинг 17 нафари оғир аҳволда шифохонага етказилди. Қолган 13 киши ҳам госпитализация қилинди, лекин уларнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ.
Кўпчилик иссиқ уриши ва сувсизликдан азият чеккан. Юк машинаси ичидаги тутқунларнинг асосий қисми 20–30 ёшдагилар эди. Шунингдек, улар орасида икки бола бўлгани маълум.
Юк машинаси ҳайдовчиси ҳибсга олинди.
Ҳалок бўлганларнинг барчаси эркаклардир. Юк машинаси ичи зах ва иссиқ бўлгани боис аксариятининг мияси зарарланган.
Полиция тергов ишларини бошлаб юборди. Кузатув камералари қайдларидан маълум бўлишича, автотураргоҳга бир неча машина кириб, юк машинасидан бир қанча одамларни олиб кетган. Шунингдек, бир неча тутқун яқин атрофдаги ўрмонга қочишга муваффақ бўлгани аниқланди.