Футбол бўйича Хитой Супер лигасининг 18-турида мамлакатнинг икки гранди — «Шанхай СИПГ» ва «Гуанжоу Эвергранд» ўзаро тўқнаш келди.
Беллашувга қадар Луис Фелипе Сколари бошчилик қилаётган гуанжоуликлар 40 очко билан лигада пешқадам бўлиб турган, шанхайликлар эса 1 та кам очко тўплаб, иккинчи поғонада эди. Ўзаро ўйиндан кейин ҳам турнир жадвалида шу манзара сақлаб қолинди.
Боиси ўйин жанговор дуранг билан якунига етди. Мамлакатнинг сўнгги икки йилдаги чемпиони «Гуанжоу Эвергранд» икки бор ҳисобда олдинга чиқиб олганига қарамай, якунда ғалабани қўлдан чиқарди — 2:2. Беллашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов тўлиқ ҳаракат қилди.
Супер лиганинг марказий учрашувини томоша қилиш учун «Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду ташриф буюрди. У аввалига меҳмонлар ечиниш хонасига йўл олиб, ўз вақтида Португалия термасига мураббийлик қилган Луис Фелипе Сколари билан кўришди. Кейинроқ эса «Шанхай СИПГ»даги ҳамюрти Андре Виллаш-Боашга пешвоз чиқди.
Роналду кузатиб борган учрашувда ўзбекистонлик Одил Аҳмедов тўлиқ — 90 дақиқа тўп сурди.
Томонларнинг 1-давра Гуанжоуда бўлиб ўтган ўйинида Сколари жамоаси 3:2 ҳисобида устун келганди. Мазкур икки клубнинг рақобати келаси турларда ҳам давом этади.
Хитой Супер лигаси 18-тур ўйини 22 июль, шанба
Изоҳ (0)