Мексикалик ҳужумчи Хавьер Эрнандес яна Премьер-лигага қайтиб, фаолиятини Лондоннинг «Вест Ҳэм» клубида давом эттиради. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати хабар берди.
Трансфер масаласи тўлиқ ҳал этилган. Энди ҳужумчининг ўзи клуб тиббий кўригидан ўтиши ва шахсий шартномасига имзо чекиши керак бўлади.
Норасмий маълумотларга кўра, Германиянинг «Байер» клуби бу трансфердан 13 миллион евро ишлаб олади.
Чичарито «Манчестер Юнайтед»да Луи Ван Гал мураббийлик қилишни бошлаган пайтда Премьер-лигани тарк этишга мажбур бўлганди. Орада у «Реал» сафида 23 та ўйинда иштирок этиб, 7 та гол урди. Кейинроқ «Байер»нинг 54 та учрашувида 28 та тўп киритишга муваффақ бўлди.
Аввалроқ «Вест Ҳэм» Манчестер шаҳрининг бошқа бир клуби — «Сити»нинг собиқ дарвозабони Жо Харт билан ҳам шартнома имзолаганди.
Изоҳ (0)