Германиянинг Мюнхен шаҳрида таҳсил олаётган, шунингдек, касбий фаолият билан шуғулланаётган ўзбекистонликлардан ташкил топган Uzbek United футбол жамоаси халқаро турнир ғолиблигини қўлга киритди. Бу ҳақда Hochschule Augrburg институтининг ўзбекистонлик талабаси Абдурашид Насриддинов «Дарё»га маълум қилди.
Халқаро турнирга бир неча йиллардан буён München Kickers 06 жамоаси мезбонлик қилади. 11-бор ўтказилган мусобақада 18 та жамоа ғолиблик учун кураш олиб борди.
Ўзбекистонликлардан ташкил топган Uzbek United жамоаси «А» гуруҳини пешқадам сифатида якунлаб, ярим финалда Германиянинг FK München жамоаси билан тўқнаш келди. Учрашув Uzbek United’нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди.
Финалда ўзбекистонлик муҳожирлардан ташкил топган жамоа Руминия ишчиларининг FC Angry Birds клуби билан дуч келди. Учрашув асосий вақти 0:0 ҳисобида якунланди. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида омад Ўзбекистон жамоасига кулиб боқди — 2:0. Қайд этиш керак, руминлар мазкур мусобақада бир неча бор ғолибликни қўлга киритишга муваффақ бўлганди, деб ёзди манба.
Мусобақада Uzbek United ҳужумчиси Аброр Шоназаров 12 та гол уриб, тўпурарлар учун аталган совринга эга чиқди.
Изоҳ (0)