Ўзбекистон молия вазирлиги жорий йилнинг иккинчи чорагида мамлакат иқтисодиётининг реал секторига инвестиция маблағлари ажратган халқаро молиявий ташкилотлар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатдан тўрт ташкилот ўрин олди.
Молия вазирлиги сайтида таъкидланишича, ҳисобот даврида ХВЖ ва донор мамлакатлар билан 4 заём келишувлари имзоланган бўлиб, инвестицияларнинг умумий қиймати 413 миллион доллардан ошади.
Жумладан, Жаҳон банки билан «Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида 42,2 миллион долларлик битим имзоланди. Лойиҳанинг умумий қиймати — 72,95 миллион доллар.
Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки билан «Қишлоқ жойларида замонавий уйлар қуриш» лойиҳасининг иккинчи фазаси доирасида 300 миллион долларлик (лойиҳа суммаси — 300 миллион доллар) ҳамда «Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида 44,48 миллион долларлик (лойиҳа суммаси — 44,48 миллион доллар), Саудия тараққиёт фонди билан «Китоб-Шаҳрисабз ер ости сувлари чиқиш жойларининг сув йўлларига тегишли бўлган қишлоқ аҳоли пунктлари ва Косон, Муборак туман марказларининг сув таъминот тизимини қайта таъмирлаш» лойиҳаси доирасида 26,36 миллион долларлик (лойиҳа суммаси — 52,81 миллион доллар) кредит битимлари имзоланди.
Изоҳ (0)