Ўзбекистон Президенти «Абдухолик Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Бахоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишни имзолади. Ҳужжат матни Президентнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Юбилейларни нишонлашдан мақсад — «бутун умрини инсоннинг маънавий-руҳий камолоти йўлига бағишлаган буюк ватандошларимиз Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги муносабати билан улуғ алломаларнинг ҳаёти ва фаолиятини, улар қолдирган бой илмий-диний мероснинг гуманистик моҳиятини чуқур ўрганиш, шу асосда халқимизни, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш».
Фармойиш билан Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофик тасдикланди. Ташкилий қўмита бир ой муддатда ушбу юбилейларни нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиши белгиланди.
Ушбу режада:
Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Накшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;
Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Накшбанд ҳаёти ва ижодига оид нашрлар ҳамда уларнинг меросидан намуналарни, жумладан, хорижий тилларда чоп этиш;
Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти, фаолияти, илмий меросига оид хорижий мамлакатлардаги қўлёзма манбалар, илмий тадқиқотлар ва адабиётлар ҳақидаги маълумотларни жамлаш ва нашр этиш;
Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги муносабати билан халқаро илмий-амалий анжуманни ўтказиш;
Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг асоси бўлган меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, илм-маърифатга интилиш, меҳр-оқибатли бўлиш ғояларини ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш;
Абдухолик Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилади.
Бундан ташқари, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат кўмитаси Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд қадамжоларига маҳаллий ҳамда хорижий зиёратчилар ва сайёҳларнинг кенг кўламли ташрифларини ташкил этиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўриши белгиланди.
Фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон бош вазири А. Н. Арипов зиммасига юкланди.
Изоҳ (0)