Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманида бўлганида аҳолига малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича намунали оилавий поликлиникани айнан шу туманда ташкил этиш таклифини киритган эди. Ушбу ташаббус доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда дарҳол қўшма режа ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти таҳлилий ўрганилди ва мазкур мақсад учун танланди.
Поликлиника Чақар, Чорсу, Қоратош, Гулбозор маҳаллаларини қамраб олган бўлиб, 26 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, ҳудудда жойлашган учта мактаб, битта коллеж ва тўртта боғчага ҳам 47-оилавий поликлиника бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатади. Ушбу вазифани поликлиникада фаолият юритаётган кардиолог, эндокринолог, гинеколог, невропатолог, окулист, отоларинголог, стоматолог каби тор мутахассислар ҳамда 15 нафар умумий амалиёт шифокори ва 32 нафар патронаж ҳамшира сидқидилдан бажариб келмоқда. Бундан ташқари, поликлиника замонавий тиббий техникалар, хусусан, УТТ, ЭКГ, рентген аппаратлари билан жиҳозланган.
Қисқа вақт ичида поликлиника фаолияти қайта кўриб чиқилиб, тубдан ислоҳ қилинди. Бунда асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарасини янада яхшилаш, шифокор қабулига кириш учун навбатларни қисқартириш, касалликларни эрта аниқлаш ва патронаж ишларини ўз вақтида мақсадли олиб бориш, шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизматини самарали ташкил этишга қаратилди.
Айни дамда Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти ҳавас қилса арзирли даражага етган. Тиббиёт муассасасига киришданоқ поликлиника фаолиятининг асосий мезони халқ розилиги эканини англаш мумкин.
Изоҳ (0)