Исландияда бир гуруҳ америкалик туристлар қўзичоқни сўйгани учун қўлга олинди. Бу ҳақда The Independent газетаси хабар бермоқда.
Воқеа июль ойининг бошида рўй берди. Далада қўзичоқни қувлаб юрган эркакларни кўрган маҳаллий аҳоли вакиллари полицияга қўнғироқ қилди, сўнг сайёҳларга мурожаат қилиб, уларни қўзичоқни ўлдиришда айблади. Бунга жавобан эркаклар исландияликларга қичқира кетди. Шунингдек, улар денгизга тушиб кетган қўзичоқни қутқармоқчи бўлганини баҳона қилишга уринди.
Натижада асли афғонистонлик бўлиб чиққан америкалик туристлар полицияга олиб келинди ва у ерда улар қилган ишларини тан олди. Улар жониворнинг эгасига йўқотилган суммани тўлаб берди. Бундан ташқари, эркаклар 120 минг исланд кронаси (1,2 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима тўлади.
Шундан сўнг сайёҳлар қўйиб юборилди.
Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига қараганда, сайёҳларнинг пули етарли эди, бундан ташқари, улар қимматбаҳо машинада юрган эди, шу боис уларнинг хатти-ҳаракатлари барчани ҳайратда қолдирди. Айримлар сайёҳларни мамлакатдан депортация қилиш таклифини бермоқда.
Изоҳ (0)