Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни туркманистонлик ҳамкасби Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Давлат раҳбари суҳбат аввалида Гурбангули Бердимуҳамедовни 60 йиллик юбилейи муносабати билан самимий муборакбод этди.
Ўзбекистон Туркманистон Президентини жаҳон миқёсидаги буюк давлат ва сиёсат арбоби, катта ҳаётий тажрибага эга, умрини ўз мамлакати фаровонлиги ва равнақига садоқат билан хизмат қилишга бағишлаган фидойи раҳбар сифатида яхши билиши таъкидланди.
Давлат раҳбарлари шу йилнинг март ва май ойларида Туркманистонда ўтган олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувлар ва қабул қилинган қарорларни амалга оширишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилди. Барча даражадаги алоқалар фаоллашиб, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳалар самарали амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Президентлар стратегик шерикликнинг юксак даражасига эришиш имконини берган яқин ва самарали ўзаро ҳамкорлик бўйича тўпланган тажриба икки томонлама алоқаларнинг мавжуд улкан салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Томонлар минтақавий ва халқаро сиёсатнинг ўзларини қизиқтирган долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни юбилейи билан яна бир бор самимий табриклаб, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, давлат раҳбаридек масъулиятли фаолиятида янги-янги муваффақиятлар, қардош Туркманистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.
Изоҳ (0)