Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси «Формали кийим-бошларни тасдиқлаш, тайёрлаш ва кийиб юриш механизми тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқди. Бу ҳақда палата ахборот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
Ушбу қонун лойиҳасига мувофиқ, махсус формали кийим-бош кийиб юриши белгиланган вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ҳарбийлари ва ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ҳамда махсус кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар кийиб юрганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Мажлисда таъкидландики, бундай қилмиш учун маъмурий жавобгарлик белгилаб қўйилиши мазкур соҳадаги ҳуқуқий муносабатларнинг янада тартибга солинишини таъминлайди, шунингдек вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш ҳолларига чек қўйиш имконини беради.
Изоҳ (0)