28 июнь куни Марказий банк бошқаруви қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоизгача оширди. Бу қарорга нима сабаб бўлганлиги ва у иқтисодиётда қандай акс этиши ҳақида эксперт Юлий Юсупов мушоҳада юритади.
Қайта молиялаш ставкаси — марказий банклар тижорат банкларига кредитлар тақдим этадиган фоиздир. Бу пул-кредит сиёсатининг муҳим воситаси бўлиб, Марказий банкларга:
- инфляция даражасини тартибга солиш (қайта молиялаш ставкаси қанчалик юқори бўлса, пул эмиссияси шунча камроқ бўлади);
- банк фоиз ставкалари даражасига таъсир кўрсатиш (тижорат банклари Марказий банкдан пулларни қанча арзонроқ «харид қила» олса, бизнес ва аҳоли учун кредитлар шунча арзон бўлади) имконини беради.
Бироқ Ўзбекистонда қайта молиялаш ставкаси пул муомаласи ва иқтисодиётга умуман бошқача таъсир кўрсатади.
Гап шундаки, мамлакатимизда Марказий банк тижорат банкларига фоиз ставкаларини ўрнатилган даражадан юқори белгилашни тақиқлайди. Бу даража қайта молиялаш ставкасига боғланган. Шу билан бир пайтда, тижорат банклари Марказий банкдан кредитларни қайта молиялаш ставкаси бўйича олиш кафолатига эга эмас. Шунга мувофиқ, қайта молиялаш ставкасининг ўзгариши тижорат банклари фоиз ставкаларига бозор механизмлари орқали эмас, фақат маъмурий дастаклар орқали таъсир қилади.
Қайта молиялаш ставкаси ва унга боғланган банк фоиз ставкалари инфляциянинг ҳақиқий даражасига нисбатан паст эканлигини ҳисобга олса, тижорат банклари ва Марказий банк кредитларига талаб юқори. Бироқ Марказий банк нархларнинг кучли ошишини юзага келтирмасдан ва пул муомаласи тизимини издан чиқармасдан иқтисодиётга шунча пулни ташлай олмайди. Бунда бизнес ва аҳоли томонидан пул ресурсларини таклиф этиш ҳам чекланган, чунки паст фоиз ставкалари сўм депозитларини очиш ва тўлдириш имконини бермайди.
Тегишли тарзда банклар мавжуд ставкалар бўйича ўз мижозлари томонидан кредитларга бўлган талабни қондириш имкониятига эга эмас. Сурункали дефицит билан боғлиқ одатий вазият юзага келади. Маҳсулот қийматини сунъий пасайтириш туфайли (мазкур ҳолатда фоиз ставкалари) талаб таклифдан ошиб кетади. Оқибатда қарз олувчилар кредитлар олишда кўплаб қўшимча мураккабликлар (кредит олиш ва уларга хизмат кўрсатишдаги бюрократия, гаров таъминотидаги оширилган талаблар ва ҳ.о.) ва қўшимча харажатлар тўлаш («шaпкалар», «хизмат кўрсатиш» учун комиссион тўловлар) заруратига дуч келади. Буларнинг барчаси кредитга бўлган талабни чеклайди.
Вазият валюта бозорини тартибга солиш билан боғлиқ вазиятга жуда ўхшайди. Марказий банк валюта сотиш мажбуриятини ўзига олмаган расмий алмашув курси мавжуд. Валюта мазкур курс бўйича фақат танлаб олинган омадли кишиларга сотилади. Экспортчиларга валютани расмий курс бўйича сотиш фойдали эмас. Оқибатда расмий бозорда валюта дефицити юзага келади. Ундан эса навбатлар, «шaпкалар», қора бозор каби оқибатлар келиб чиқади.
Давлат нархларни шакллантириш жараёнига маъмурий усуллар билан аралашадиган исталган бозорда бу каби вазият юзага келади. Бунда гап валюта, пул ёки картошка бозори ҳақида бораётганлиги аҳамиятсиз.
Ҳозирги қайта молиялаш ставкасининг оширилиши нимани англатади?
- Биринчидан, бу реал инфляция Давлат статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган истеъмол нархлари индекси кўрсаткичларидан юқори эканлиги фактини тан олишдир. Марказий банк нархлар ўсишининг «чизилган» эмас, реал суръатлари ҳақидаги маълумотларга эгами? Бунга умид қилгимиз келади. Акс ҳолда самарали пул сиёсатини ўтказишнинг имкони йўқ.
- Иккинчидан, бу чора инфляция авж олиши эҳтимоли юзасидан келажакда нархлар ўсишининг олдини олишга қаратилган. Валюта бозори либерализацияси ёки нақд пул муомаласига чекловларнинг олиниши билан боғлиқ ҳолатларида инфляция ошиб кетиши мумкин.
- Учинчидан, кредит тизими ислоҳоти амалга оширилган тақдирда қайта молиялаш ставкасини ошириш ўта зарур. Агар банкларга кредит сиёсатини амалга ошириш, жумладан, фоиз ставкаларини мустақил белгилаш имконияти берилса, қайта молиялаш ставкасига бозорни тартибга солиш функцияси қайтади. Бу ҳолатда у жуда паст бўлмаслиги зарур, акс ҳолда Марказий банк кредитларига талаб кескин ошиб, бу инфляциянинг авж олишига олиб келади.
- Тўртинчидан, валюта бозори либерализацияси олдидан қайта молиялаш ставкасини ошириш муҳим ҳисобланади. Жуда паст қайта молиялаш ставкаси банклар Марказий банкдан валюта спекуляцияси учун кредитлар олишига сабаб бўлади. Оқибатда чет эл валютасига юқори талаб юзага келади ва сўмнинг алмашув курси кескин тушиб кетиши мумкин.
Пул-кредит сиёсатини мустаҳкамлаш бўйича қабул қилинаётган чоралар шубҳасиз банк фоизларининг ошишига олиб келади. Албатта бу банклардан кредитлар олиш имкониятига эга қарз олувчилар учун фойдадан холи.
Бироқ, шуни англаш лозимки,
- қарз олувчилар учун кредитлар бериш ва хизмат кўрсатиш реал харажатлари эълон қилинган фоиз ставкаларидан анча юқори ва кредит тизими либерализацияси мазкур қўшимча чиқимларни сезиларли даражада қисқартириш имконини беради, шунингдек, тадбиркорлар учун банк кредитлари олиш имкониятини кенгайтиради;
- жорий фоиз ставкалари жуда пасайтирилган бўлиб, улар кредит тизими либерализацияси шароитида шундайлигича қола олмайди;
- фоиз ставкаларининг ўсиши банк депозитларига жамғармалар оқимининг кучайишига туртки бўлади, бу эса келажакда кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг мақбул даражасини таъминлаш имконини беради;
- қайта молиялаш ставкасини оширмасдан инфляцияни жиловлашнинг имкони йўқ.
Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсатини мустаҳкамлаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар инфляцияни жиловлаш бўйича натижа бериши ҳамда валюта бозори либерализацияси ва мамлакатнинг кредит тизимини ислоҳ қилиш учун шарт-шароит яратишига умид қиламиз.
Изоҳ (0)