Ўзбекистон футболида ҳамма нарса рўй бериши мумкин. «Championat.asia» нашрида эълон қилинган материал буни яна бир марта исботлайди.
Мухлислар орасида Нажафалиевларни танимагани кам учрайди, деб ёзади нашр. Илгари Сардор Нажафалиев деган таниқли ҳакам бўлган. Бугунги кунда у ҳакамлар назоратчиси сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.
Сардор Нажафалиевнинг тўнғич ўғли Аскер Нажафалиев ҳозир футбол ҳаками. Жияни Вилоят Нажафалиев эса ўзи каби назоратчи.
Ўзбекистон Биринчи лигасининг 17-турида қизиқ воқеа кузатилди. Бухорода бўлиб ўтган «Нурафшон» — «Машъал» беллашувини Аскер Нажафалиев бошқариб борди. Учрашувга назоратчи этиб Вилоят Нажафалиев тайинланганди.
Агар назоратчи ҳакамликни баҳолайдиган ва уларнинг камчиликларини белгилаб борадиган шахс бўлса, икки қариндошнинг битта учрашувга тайин қилинишини қандай тушуниш мумкин?
Нега шундай деган саволга эса 12-турдан жавоб излаб кўрса бўлади. ПФЛ бу каби ишларга панжа остидан қарашда давом этган ва Андижондаги ўйин масаласини ўрганиб чиқмаган.
Андижонликлар сафида Сардор Нажафалиевнинг кенжа ўғли Кемран Нажафалиев тўп суради. Шунга қарамай, ПФЛ «Андижон»нинг уй учрашувига ҳакам сифатида футболчининг акаси Аскерни юборган. Кичик ўғил захирадан майдонга тушган беллашувда андижонлик футболчилар узоқ йўл босиб келган «Орол»ни мағлуб эта олмаган — 1:1.
Футболда ўз отасининг жамоасига қарши ўйнаган футболчилар, битта жамоада тўп сурадиган ака-укалар ёки отасининг қўлида фаолият олиб борадиган ўғилларга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Бироқ холис бўлиши шарт бўлган футбол ҳакамларининг бу каби тайинланишини биринчи бор кўрдик, деб ёзади «Championat.asia» нашри.
Изоҳ (0)