Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз кутилмаганда янги тахт меросхўрини тайинлади: валиаҳд шаҳзода қиролнинг 57 ёшли жияни ўрнига унинг ўғли, 31 ёшли Муҳаммад ибн Салмон бўлди, деб ёзади Meduza.
Агар аввалги меросхўр шаҳзода қироллик ички хавфсизлиги раҳбари ва содиқ функсионер сифатида машҳур бўлган бўлса, янги меросхўр, биринчи навбатда, «ёш технократ» сифатида машҳур: унинг атрофидагилар — асосан ғарбча таълим олган 30—40 ёшлардаги кишилар бўлиб, улар, сўзда бўлса-да, Саудия Арабистонидаги кўп нарсаларни ўзгартиришга тайёр.
Саудия Арабистони — Яқин Шарқдаги буюк давлатлардан бири. Бу позиция унинг ҳудудий буюклиги (қироллик ҳудуди Германия ва Франция эгаллаб турган ҳудуддан икки баробар ортиқ), шунингдек, ислом дини муқаддас қадамжолари Макка ва Мадина у ерда жойлашганлиги билан асосланади. Қиролликнинг иқтисодий ўрни ҳам муҳим рол ўйнайди: Саудия Арабистони дунёнинг етакчи нефть экспортчиси ҳисобланади.
Бир вақтнинг ўзида, Саудия Арабистони сайёранинг энг авторитар давлатларидан биридир. 1930 йиллардан буён қиролликни саудийлар сулоласи бошқариб келмоқда. Мамлакатда сиёсий партиялар фаолияти тақиқланган, барча асосий лавозимлар ва вазирликлар қирол қариндошлари ўртасида тақсимланади. Ал-Саудийлар оиласи кўп сонли бўлиб, монарх кадрлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келмайди.
Диний муассасалар ҳокимиятини қироллик ҳукуматининг асосий муқобили деб ҳисоблаш мумкин. Қуръон Саудия Арабистони конституцияси деб расман тан олинган, мамлакат шариат қонунлари бўйича яшайди. Монарх амалда мудофаа, ташқи сиёсат масалаларига тўғридан-тўғри масъул бўлса, диний институтлар одил судлов, таълим ва оила масалалари билан шуғулланади. Монарх ҳаракатлари қабилалар йўлбошчилари ва энг бой оилалар вакиллари қарорлари билан чекланади.
Яна бир муҳим омил — Саудия нефти истеъмолчиси бўлган Ғарб билан алоқалар. Саудия Арабистонининг Ғарб билан яхши муҳосабатларни ўрнатишга қизиқиши ички қарама-қаршиликлар ва халқаро можароларни келтириб чиқарган эди. Масалан, Саудия Арабистони АҚШ иттифоқчиларидан ҳисобланади, бироқ америкаликлар у ерда жойлашган ҳарбий базани 2003 йилда Қатарга кўчирди. Бунга нуфузли оилаларнинг қаршилиги сабаб бўлди. Америка қўшинларининг Саудия Арабистонида бўлиши 2001 йил 11 сентябрь терактлари сабабларидан бири бўлди (2016 йилда терактларга Саудия ҳукуматининг баъзи мансабдорлари алоқадор бўлиши мумкинлиги аниқланди).
Саудия Арабистони мавжудлигининг 85 йили давомида қиролликни бор-йўғи икки авлод монархлари: биринчи қирол Абдул-Азиз ибн Абдураҳмоннинг акалари ва ўғиллари бошқарган. Уларнинг ҳар бири бошқаруви даврида қироллик ички кучлари мувозанати улар ўтказган ислоҳотлардан келиб чиқиб бироз ўзгарган. Бунда иқтисодий модернизацияга уриниш монархларнинг аҳолининг сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришни истамаслигига бориб тақалган.
Салмон ибн Абдулазиз Ал Саид — Саудия Арабистонининг ҳисоб бўйича еттинчи қироли 2015 йилда тахтга келди. Қиролликнинг одатий муаммолари (нефть экспортига қарамлик) бу вақтга келиб янги даражага чиқди: қироллик ҳаётининг деярли барча жабҳалари амал қилишини таъминловчи нефть нархларининг пасайиши нефть рентасидан келган даромадлар ҳисобига яшашга кўниккан аҳолида хусусий соҳадан даромад қилиш заруратини юзага келтирди. Мамлакатда 70 фоиз иш ўрнини таъминловчи давлат сектори ислоҳоти вазиятни янада кескинлаштирди.
Салмон ҳокимиятга келиши билан бошланган мазкур ислоҳот 11 та ҳукумат котибиятини тугатиб, уларнинг ўрнига икки: Сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича кенгаш ҳамда Иқтисодиёт ва тараққиёт ишлари бўйича кенгашни ташкил этишни кўзда тутар эди. Биринчи кенгашга қиролнинг жияни, Саудия Арабистони меросхўр шаҳзодаси Муҳаммад ибн Наиф бошчилик қилди. Иккинчисига Салмоннинг ўғли, қироллик хонадони етакчиси ва валиаҳд шаҳзода ўринбосари Муҳаммад ибн Салмон раҳбар бўлди. Шу тариқа қирол давлат бошқаруви асосий вазифаларини жияни ва ўғли қўл остида тўплади. Бунда валиаҳд этиб тайинланган шаҳзода Муҳаммад ибн Наиф юқорироқ лавозим ва меросхўр мақомини қўлга киритган бўлса, Муҳаммад ибн Салмонга кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, ҳукуматни тўлиқ ислоҳ қилиш ҳуқуқи берилди.
Муҳаммад ибн Салмонни меросхўр шаҳзода этиб тайинлаш (ҳамда Муҳаммад ибн Наифни барча эгаллаб турган лавозимларидан озод этиш) ҳақидаги қарор қиролнинг жияни ва ўғли ўртасидаги курашдан далолат бермайди — уларнинг ҳар иккаласи битта оила аъзолари, уларнинг ҳар иккаласини Ғарбда ҳурмат қилишади. Бироқ ёшариш ва модернизация нуқтаи назаридан қиролнинг 31 ёшли ўғли унинг 57 ёшли жиянига қараганда келажаги порлоқроқ шахс бўлиб кўринади.
Тўрт йил аввал журналистларга ўзини «оддий ҳуқуқшунос» деб таништирган Муҳаммад ибн Салмон охирги вақтларда шиддатли карьера қилди. Иқтисодиёт масалалари бўйича кенгашга раҳбарлик қилган шаҳзода Саудия Арабистони мудофаа вазири лавозимини ҳам эгаллади ва Яманда ҳарбий операциянинг бошланишига масъул ҳисобланади.
Муҳаммад ибн Салмон кўплаб кексайган мансабдорларни ишдан бўшатиб, уларни (Ғарбда таълим олган) ёшлар билан алмаштирди. Шаҳзода уларнинг ёрдамида «Қироллик нигоҳи 2030» режасини ишлаб чиқди. У Саудия Арабистони иқтисодиётини нефть қарамлигидан тўлиқ халос этишни кўзда тутади. Бу режа Aramco нефть қазиб чиқарувчи компаниясини қисман хусусийлаштириш ва бундан тушган пулларни икки триллион долларга тенг суверен инвестиция жамғармасини ташкил этишни кўзда тутади.
Янги меросхўрнинг асосий сифати унинг эски авлод вакиллари билан мунозарага боришга тайёрлигидир. Жумладан, унинг консерватив диний доиралар таъсирини чеклаши ва қироллик сиёсий ҳаёти либерализациясини таъминлашига умид қилишмоқда.
Изоҳ (0)