Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Россия ва Қирғизистон молия вазирлари Москва томонидан Бишкекнинг қарзларидан кечилиши ҳақидаги баённомаларни алмашганини маълум қилди. Бу ҳақда у икки томонлама музокаралар якунларига кўра баёнот берди, деб хабар қилади «Газета.ru».
«Қайд қилиб ўтмоқчи эдимки, Россия томонидан жуда катта ва реал молиявий ёрдам кўрсатилди. Мана бугун молия вазирлари Қирғизистоннинг Россия олдидаги қарзларидан кечилгани ҳақидаги баённомаларни алмашди», — деди Атамбаев.
Ўз навбатида, Россия президенти Владимир Путин Москва Бишкекка беғараз молиявий ёрдам беришда давом этишини таъкидлаб ўтди. Путиннинг сўзларига қараганда, Қирғизистон бюджетини қўллаб-қувватлашга Россия томонидан ҳар йили 30 миллион доллар тақдим этилади.
«Интерфакс»га кўра, Қирғизистоннинг Россия олдидаги қарзи 240 миллион долларни ташкил қилган. Эндиликда Қирғизистон бу пулларни қайтариш мажбуриятидан озод этилди.