Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббий Ули Штиликени истеъфога чиқарди. Бу ҳақда Yonhap ахборот агентлиги хабар берди.
ЖЧ—2018 саралашининг 8-турини Доҳада ўтказган Жанубий Корея термаси мезбон Қатардан 2:3 ҳисобида енгилганди. Футболчилар Сеулга чоршанба оқшомида етиб келган. Пайшанба куни тонгда эса Штиликенинг Жанубий Кореядаги фаолияти якунига етгани эълон қилинган.
2014 йилнинг сентябрь ойида жамоани қабул қилиб олган германиялик мутахассис Жанубий Корея термасини энг узоқ вақт бошқарган мураббий бўлди. Унинг бошқарувида кореяликлар 27 та учрашувни ғалаба билан якунлади. 5 та учрашувда дуранг қайд этилди ва 7 тасида рақиблар устунлик қилди. Тўплар нисбати 66:28. Tavern нашри маълумотига кўра, бу натижа 1979 йилдан буён энг яхшисидир.
Жанубий Корея терма жамоаси ЖЧ—2018 саралаши якунига икки тур қолганида ҳам Ўзбекистон билан тўғридан-тўғри йўлланма учун курашни давом эттирмоқда. Жамоа 31 август куни ўз майдонида Россия мундиали чиптасини қўлга киритиб бўлган Эронни қабул қилади, 5 сентябрь куни эса Тошкентда Ўзбекистон термасига қарши саф тортади.
Yonhap’нинг қайд этишича, Жанубий Корея сафарда ўтган тўрт беллашувнинг бирортасида зафар қуча олмагани, Штиликенинг ишдан кетишига асосий туртки бўлган. Сурия билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган кореялик футболчилар, Эрон, Хитой ва Қатардаги ўйинларда рақибларига имкониятни бой бериб қўйди.
Штилике бошқарувида кореяликлар 2015 йил Осиё кубогининг финалига қадар етиб борган ва ўша йили ўтказилган Шарқий Осиё кубогида ғолиб чиққанди. 2015 йилги мавсумда Жанубий Корея 16 та ўйинда зафар қучди ва 3 та дуранг ўйнади. Мана шу 19 та учрашув давомида рақиблар Корея дарвозасига фақатгина уч марта йўл топди. Бу натижадан сўнг кореялик мухлислар уни Худо даражасига олиб чиқиб, God-tielike деб аташни ҳам бошлаганди.
Маълумот учун, бир кун аввал Жанубий Кореяни таслим қилган Қатар бош мураббийи Хорхе Фосатти ҳам истеъфога чиққанди. Шунингдек, дастлабки уч турдаги қониқарсиз натижаларидан кейин Хитой бош мураббийи Гао Ҳангбо ҳам истеъфо беришга мажбур бўлганди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян тўрт учрашувда мағлуб бўлганига қарамай, фаолиятини давом эттирмоқда. Унинг қаторида 8 та ўйиннинг 6 тасида зафар қучган ва ютқазмаган, шунингдек, дарвозасидан гол ўтказмаган Эрон термаси устози ҳам ўз ўрнида қолган.
Изоҳ (0)