Одатда ота-оналарда фарзандини эмлаш борасида жуда кўп фикрлар тўқнашувлари юзага келади. Хонанда Лола ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги раҳбари Саша Грауманн билан фарзандларни иммунизацияси масаласида муҳим масалаларни муҳокама қилди. Лола бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирди ва ўзининг болаларни эмлашга доир фикрлари билан ўртоқлашди, деб ёзади «Darakchi.uz».
«Бу албатта кўпчилик ота-оналар ўртасида баҳсли мавзу саналади ва мен нима яхши ёки ёмонлигини таъкидламоқчи эмасман. Мен шунчаки бу масалада ўз қарашларим билан ўртоқлашишим мумкин. Мен фарзандларим миллий эмлаш тақвимига асосан тўлиқ эмланган бўлишини таъминлайман. Ҳар йили иммунизация бутун дунёда 2—3 миллион болалар ҳаётини асраб қолади. Вакциналар ёрдамида биз полиомиелит каби касалликдан қутулганмиз. Сувчечак касаллиги йўқ қилинган. Бизнинг ота-она сифатида мажбуриятимиз — фарзандларимизни ҳимоя қилиш. Шахсан мен вакцинация ҳар бир болага ҳаётининг илк кунларидан соғлом ҳаёт кечириш имконини беришига ишонаман. Вакциналар иш беради.
П.С.: Фарзандингизга қандай вакцина зарурлиги юзасидан шифокорингизга мурожаат қилинг», — деб ёзади Лола.
Ўзбекистонда санитария-эпидемиология ҳолатни барқарор сақлаш ва юқумли касалликларга қарши курашнинг замонавий тизими яратилган. Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ 18 ёшгача бўлган болалар ўндан ортиқ касалликка қарши эмланмоқда. Миллий эмлаш тақвимига киритилган иммунопрофилактика тадбирларига кетадиган маблағлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Изоҳ (0)