Колумбия пойтахти боготалик чиқинди тозаловчи Хосе Альберто Гутьеррес охирги 20 йил давомида чиқиндихоналарга ташлаб юборилган китобларни тўплади ва уйида жамоат кутубхонасини очди. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди, деб ёзади «DailyAfisha».
Гутьерреснинг журналистларга ҳикоя қилишича, барчаси тахминан 20 йил аввал ахлат ўрасидан Лев Толстойнинг «Анна Каренина» романини топиб олганидан бошланган. У китобни уйига олиб кетишга қарор қилган. 20 йил ўтиб, колумбияликнинг китоблар коллекцияси 25 мингга яқин китобни ўз ичига олади.
Гутьерреснинг уйида очилган кутубхона маҳаллий мактаб ўқувчилари орасида машҳур. Улар кутубхона эгасига «Китоблар лорди» деб ном берди. Колумбиялик ватанида машҳурликка эришди ҳамда Жанубий Америка ва Мексикадаги китоб ярмаркаларига таклиф этилди.
Гутьерресга кутубхона ишларида унинг рафиқаси ва уч нафар фарзанди ёрдам беради. «Китоблар лорди» хоббисига аранг вақт топади: унинг чиқинди тозаловчи ишини ҳеч ким бекор қилмаган, қолаверса, мактаб имтиҳонларига тайёргарлик кўрмоқда. У оиласидаги етишмовчилик туфайли болалигида ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Изоҳ (0)