Реставек (французча rester avec — «билан қолиш») — қашшоқ Гаити оиласидан чиққан ва ота-онаси бадавлатроқ оилага бепул хизматкор сифатида бериб юборган бола. Айни пайтда бепул хизмат қилувчи кичик ишчилар сони 286 минг кишига етган. Егулик ва бошпанадан ташқари, реставеклар кўпинча калтаклар ва ҳақоратлар билан ҳам «сийланади», баъзан эса жинсий зўравонликка ҳам учрайди, аммо болани қулликка бериш — қашшоқлар учун ҳамон оммабоп қарор бўлиб келмоқда, чунки бошқа йўли йўқ. XXI асрнинг вояга етмаган қуллари кундалик ҳаёти ҳақида Дье Налио Шери фотоҳикоя тайёрлади.
13 ёшли етимча Медеж Дорлю (ўртада) ўз бекасининг қулоғига зирак тақиб қўймоқда.
Медежнинг омади чопди: уни бегона одамлар эмас, марҳум онасининг дўстлари ўз уйига олди.
Медеж нафақат уйнинг бекасига, балки оиланинг барча аъзоларига қарашиши керак (масалан, ўзидан сал каттароқ бўлган Стефанига).
Медеж хўжайинининг Порт-о-Пренсдаги уйи ҳовлисида кир ёймоқда. Эрталаб у мактабга боради, қайтиб келгач уй юмушларини бажаради.
Медеж хўжайини уйидаги кўзгуларни тозаламоқда. «Ўз оиланг билан бирга яшаш ва бегона уйда яшаш — бир хил нарса эмас», — дейди қизалоқ.
12 ёшли Уотсон Сен Флер (ўртада) сув солинган пакетни орқалаб кетмоқда, уни у Порт-о-Пренс ташқарисидаги Петьон-Вилл кўчаларида сотади. «У мени савалаётганида: ‘Онанг ўлган-ку, сен нимага ўлмадинг?’ деб айтади», — дейди болакай ўз бекаси ҳақида.
Уотсон 12 ёшда бўлса-да, бирор марта мактабга бормаган.
Сув сотишга отланишдан аввал Уотсон хўжайинининг етти ёшли ўғлини чўмилтиради, у бола мактабга боради.
Maurice Sixto Foundation фонди активистлари Уотсонни ўғил болалар учун резиденцияга олиб кетишга умид қилмоқда, у ерда бола ўқий олади.
Маҳаллий хайрия ташкилотлари ишчилари таъкидлашича, Гаитида реставеклар сони доимий равишда ўсиб бормоқда.
Изоҳ (0)