Бугун — 3 июнь куни Тошкент вақти билан 23:45 да Европа Чемпионлар лигаси ғолибини аниқлаб бериш учун Мадриднинг «Реал» ҳамда Туриннинг «Ювентус» клублари майдонга чиқиб келади.
Учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Зинедин Зидан ҳамда Массимилиано Аллегри иштирок этди.
Зинедин Зидан
Биз бу мавсум катта ҳажмда иш бажардик: Ла Лигада ғолиб чиқдик, Чемпионлар лигасида финалгача келдик.Биз босим нима эканини яхши биламиз. Чунки ҳар доим фаворит ҳисобланганмиз. Ваҳоланки финалда фаворит бўлмайди. Битта ўйиндан иборат финалда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Биз кўплаб беллашувларни бой бердик. Демак, мағлубият нима эканини яхши биламиз. Бу «Ювентус»га ҳам тегишли. Бугун бизга қарши ажойиб жамоа тўп тепса-да, ўз ўйинимизни кўрсатишга уринамиз.
Миланда ўтган финалдан кейин биз энди Кардиффдаги «жанг» учун тайёрмиз. Футбол учун майдонга чиқдингми, борингни беришинг шарт!
Мен Туринда, «Ювентус»да ўйнаганман ва катеначчо нималигидан яхши хабардорман.
Албатта, ярим ҳимоя энг муҳим жиҳат. Аммо энг қийини — тўп ўтказмаслик. 80—90 дақиқа яхши ўйнаб турасан-у, ўйин охирида рақибинг гол уриб кетса, барчаси якунланади. Айнан шу нарса ҳужумчилардан талаб этилади. Ўзим футбол ўйнаганим учун ҳам яхши биламан — бу жуда қийин нарса. Кўп бўлмаса-да, менга бир неча бор муҳим голларни уриш насиб қилган.
Зинедин Зидан, «Реал Мадрид» бош мураббийи
Зиданнинг «Реал» тепасига келиши муваффақиятли бўлди. У биринчи мавсумидаёқ Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди ҳамда биринчи тўлақонли мавсумида Ла лига чемпионлигини қўлга киритди. Энди эса Чемпионлар лигасида кетма-кет икки бор зафар қучган илк мураббий бўлишга ва мана шундай биринчи жамоани шакллантирган шахс сифатида тарихда қолишга яқин турибди.
Ҳозирги ҳолатим? Болалигимда кимдир менга вақти келиб шундай ҳолатларни бошдан кечиришим ҳақида айтса, ишонмаган бўлардим. Аммо ҳозир яхши даврни бошдан ўтказаяпман ва бундан завқ олмоқдаман. Биз билан бўлаётган ҳар бир воқеа менга манзур бўлмоқда. Мен оддий бир мураббийман, жамоанинг ҳар бир аъзоси сингари...Зинедин Зидан, «Реал Мадрид» бош мураббийи
Зинедин Зидан мураббийлиги вақтида Криштиану Роналду шахсий рекордларини янгилаш ёки иложи борича кўпроқ гол уриш билан эмас, балки жамоаси учун ўйнашга киришиб кетди. Натижа ёмон эмас, португалиялик ҳужумчи йил давомидаги ротациялар сабаб мавсум якунига юқори формада етиб келди. Ярим финалда «Атлетико» дарвозасига учта гол ургани, «Бавария» постини икки беллашувда жами беш марта нишонга олгани ҳам унинг қандай формада эканини кўрсатади.
Криштиану яхши инсон, у бошқалар учун ҳам қайғуради, ғалабалардан чарчамайди, ғалаба унга доим камлик қилади. Ҳатто машғулотларда ҳам ғолиб чиқишни истайди. Чунки табиатан етакчи, айниқса майдонда. Бу унга қон билан кирган.Агар биз бирга тўп тепганимизда ҳам, Криштиану юлдузлигича қоларди. Чунки кўп гол уради. Бу эса муҳим.
Зинедин Зидан, «Реал Мадрид» бош мураббийи
Массимилиано Аллегри
Туринликлар бош мураббийи Массимилиано Аллегри ўзидан аввал «Ювентус»да ишлаган Антонио Контенинг ишини муваффақиятли давом эттира олди. Скудетто унинг даврида ҳам А сериянинг «Ювентус»дан ўзга клубига насиб қилгани йўқ. Уч йил ичида Чемпионлар лигаси финалига иккинчи бор етиб келиш эса ҳар қандай туринликка манзур келиши шубҳасиз.
Тинч ва хотиржам ўйнаймиз. Бутун йил давомида айнан шунинг устида ишладик.Осон бўлмайди, аҳир «Реал» амалдаги чемпион. Шу боисдан биз мадридликлардан кўра кўпроқ ишлашимиз керак.
Бугун статистика ҳеч қандай рол ўйнамайди. Бу финал ва у битта ўйиндан иборат. Биз ўз кучимизга ишонишимиз ва «Реал»дан кучлироқ бўлишимиз керак.
«Ювентус» олтита финалда ютқазган деяётганлар кўп. Бироқ бу тарих. 15, 20 ёки 50 йил олдинги нарсаларни эслашга ҳожат йўқ. Бугун буткул янги ўйин бўлади.
Массимилиано Аллегри, «Ювентус» бош мураббийи
Худди Зидан каби Аллегри ҳам финалда қандай таркиб ҳаракат қилишини айтмади. Аниқроғи, бу борада якуний қарорга келмаганини баён этди. Шундай бўлса-да, мутахассис рақиб сафидаги тандем ва ўз вақтида «Реал» сафида тўп тепган Гонсало Игуаин ҳақида журналистлар томонидан берилган саволга жавоб қайтарди.
Бэйл тезкорлиги эвазига «Реал»га кўп нарса бера олади. Иско эса ажойиб мавсумни ўтказмоқда. У бор вақтда «Реал» комбинацияларини ўқиб олиш қийин бўлади.Игуаин ҳеч нарсани исботлаши шарт эмас. У Монакода икки муҳим голни урди. Энди финалда ҳам ўзининг энг яхши ўйинини намойиш этишига ишонаман.
Массимилиано Аллегри, «Ювентус» бош мураббийи
Бундан етти йил муқаддам Миланнинг «Интер» клуби Жозе Моуриньо бошқарувида бутун Европани ўзига қаратган ва требл қайд этганди. Аввалига Италия кубоги, кейинроқ скудетто ва якунда Чемпионлар лигаси ғолиблиги. Бугун «Ювентус» ҳам шунинг остонасида турибди.
«Интер»нинг 2010 йилдаги натижасини такрорлаш ҳақида ўйламадим. Биз А серия чемпионлиги ва Италия кубогини қўлга киритдик. Шундай экан, бу мавсум биз учун ажойиб ўтди дея оламан. Бугун эса мана шу мавсум унутилмас бўлиши йўлида ҳаракат қиламиз.Массимилиано Аллегри, «Ювентус» бош мураббийи
Изоҳ (0)