24 май куни Президент «Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Унинг матни Президент матбуот хизмати расмий сайтида жойлаштирилди, деб хабар беради Norma.
Қарорга биноан Тошкент ирригация ва мелиорация институти қайта тузилиб, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизацияси муҳандислари институтига айланади. Олийгоҳ муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги механизацияси ва ирригация соҳасидаги илмий-педагогик мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича таянч муассаса бўлади.
2017–2018-ўқув йили бошига келиб Тошкент давлат аграр университетининг «Қишлоқ хўжалиги механизацияси» ҳамда «Қишлоқ хўжалиги электрификацияси ва автоматизацияси» 1–3-курс талабалари ҳамда тегишли магистратура мутахассислиги талабалари янги олий ўқув юртига ўтказилади. Бунинг натижасида Тошкент давлат аграр университетида мазкур мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш тугатилади.
Шунингдек, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизацияси муҳандислари институти структурасига Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган қишлоқ хўжалиги механизацияси ва электрификацияси илмий-тадқиқот институти қўшиб берилади.
Изоҳ (0)