Самарқанд шаҳридаги Саттепо мавзесида трамвай симёғочни қулатиб юборди. Бу ҳақда Facebook’даги «Самарқанд ва самарқандликлар» гуруҳи аъзолари хабар берди.
Фойдаланувчилар изоҳ сифатида жойлаган видеода трамвай юриб кетаётиб, рельс ёнида турган симёғочга тегиб кетгани, устун эса нариги ёнига — автомобиллар қатнайдиган йўлга ағанаганини кўриш мумкин.
Гуруҳ аъзолари маълум қилишича, симёғоч Nexia автомашинаси устига қулаб, унга жиддий шикаст етказган. Трамвайнинг ўзи рельсдан чиқиб кетган.
Баъзи фойдаланувчилар шаҳардаги трамвай ҳайдовчилари йўл ҳаракати қоидаларига ва тезлик чекловларига риоя қилмаслиги, рулни бошқараётиб, телефон орқали суҳбатлашишидан шикоят қилган. Воқеа гувоҳлари ҳодиса вақтида ҳам трамвай жуда катта тезликда ҳаракатланиб, муюлишда «дрифт» (манёвр)ни амалга оширганини таъкидлаган.
Воқеа натижасида одамларга зарар етган-етмагани ҳақида маълумотлар йўқ.
Изоҳ (0)