Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида талончи томонидан аёл киши ўлдириб кетилди. Жиноятчи қўлга олинди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ расмий сайти.
«19 май куни тахминан соат 17:00 да Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйларининг бирида аёл кишининг кўплаб санчилиб кесилган жароҳати билан мурдаси топилган. Шунингдек, хонадондан унга тегишли бўлган Samsung русумли уяли алоқа телефон аппарати, тилла тақинчоқлари ва пуллари сақланган темир қути талон-торож қилинганлиги аниқланган», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида жиноят Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам бир неча маротаба судланган Али Аманкулов томонидан содир этилганлиги аниқланди. Ундан жиноий йўл билан қўлга киритилган 3600000 сўм пул, 101 АҚШ доллари, Samsung русумли уяли алоқа телефон аппарати, тилла тақинчоқлар ва эркаклар қўл соати олинди.
Ҳозирда Аманкуловга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.