Мадриднинг «Реал» клуби Ла лига шоҳсупасига келишни беш йил кутишга мажбур бўлди. Бу вақт орасида ашаддий рақиб «Барселона» уч марта, ҳамшаҳар «Атлетико» эса бир марта мамлакат чемпионлигини қўлга кирита олди.
Зинедин Зиданнинг келиши «Реал»ни ўзгартирди. У ўзининг илк уринишидаёқ Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишга муваффақ бўлганди. Ҳозир эса шу мусобақа финалига иккинчи бор етиб кела олди. Чемпионлар лигасида кетма-кет икки бор зафар қучиш ҳали ҳеч бир клубга насиб қилмагани инобатга олинса, Зидан ва «Реал» бу борада биринчи бўлиб олиши мумкин.
Ўз вақида афсонавий Фергюсон ҳам Чемпионлар лигаси финалига кетма-кет икки бор етиб келган ва фақатгина биттасида ғолиб чиққанди.
Ўтган мавсум «Реал»нинг Испанияда чемпион бўлиши фантастика бўларди. «Барселона»нинг яхши старти ва Рафаэль Бенитес қолдирган очколардаги кемтикларини ўз жойига қўйиш учун битта мавсум камлик қилди.
Бу мавсумни эса «Реал» айнан Зидан билан бошлади ва франциялик афсона ўз клубини уялтириб қўймади — беш йил деганда мамлакат чемпионлиги.
Зидан «Реал» билан ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида чемпионликни нишонлаган олтинчи мураббийга айланиб олди. Унга қадар Мигел Муньос, Луис Моловни, Хорхе Вальдано, Висенте дель Боске, Бернд Шустер каби мутахассисларга ҳам шундай бахт насиб қилганди, деб ёзди «Реал»нинг Twitter саҳифаси.
«Sports.ru» нашрининг қайд этишича, Зидан «Реал» билан ҳар 21-ўйинида соврин ютмоқда. У биринчи бор Чемпионлар лигасида зафар қучди. Кейинроқ Европа Суперкубогини қўлга киритди. Орада клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида зафар қучди ва мана энди Испания тахтига чиқиб олди. Буларнинг барига у 44 ёшидаёқ эришди.
Ич-ичимдан жуда хурсандман. 38 ўйиндан иборат серия ортда қолди. Бу қийин ва шу билан бирга ажойиб чемпионат эди.Ла лигани дунёдаги энг кучли мусобақа деб биламан. Унда ғолиб чиқиш ақлга сиғмайди. Мен бахтлиман.
«Реал» дунёнинг энг яхши клуби. У бир неча йиллар давомида олтин медалларни қўлга кирита олмагани учун ҳам чемпионликни қайтаришимиз керак эди.
Энди эса байрам қилишимиз учун сабаб бор. Биринчи галда Сибелес майдонига борамиз. Чунки бизни қўллаб турган барча-барчани эсга олишимиз керак. Кейин эса Чемпионлар лигасининг финалига тайёргарлик кўрамиз.
Зинедин Зидан, «Реал» бош мураббийи
Изоҳ (0)