22 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.
Мажлисни Сенат раиси Н. Йўлдошев олиб борди.
Кенгаш Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисини шу йилнинг 27 май куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилмоқда.
«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги, «Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда сенаторлар бир қатор халқаро шартномалар ва конвенцияларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни, жумладан, «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномани (Ашхобод, 2017 йил 6 март) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқади.
Шу билан бирга, ялпи мажлиснинг кун тартибига Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ва Хива туманининг чегараларини ўзгартириш, Хива шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги, Шаҳрисабз шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги, шунингдек, Жиззах вилоятининг Зомин ва Зарбдор туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам киритилди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар, шунингдек бу соҳадаги истиқболлар тўғрисидаги ҳисоботини ҳам тинглайди.
Ялпи мажлисда Сенатнинг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.
Ўнинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан Сенат қўмиталари ва Девони фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Кенгаш томонидан ишчи гуруҳ тузилди.
Изоҳ (0)