Ўзбекистоннинг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» давлат авиакомпанияси томонидан Тошкент—Душанбе—Тошкент йўналиши бўйича амалга оширилаётган рейс бандлиги 50 фоиздан ошмаяпти. Айнан шу сабаб туфайли Тожикистоннинг «Сомон Эйр» авиакомпанияси Ўзбекистон пойтахтига ўз рейсини очишга шошилмаяпти. Бу ҳақда Тожикистон транспорт вазирлиги маълум қилди, деб ёзади Asia-Plus нашри.
«Ҳар иккала мамлакат аҳолиси узоқ йиллар давомида кутган Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги авиарейснинг очилиши биз учун муҳим бўлди. Агар рейс талабгир бўлса ва йўловчилар сони кўпайса, Тожикистон авиакомпанияси албатта Тошкентга парвоз қила бошлайди. Ҳозир эса Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ишлари давом этмоқда», — дейилади транспорт вазирлиги хабарида.
Тошкентдан Душанбега илк мунтазам рейс «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси томонидан 11 апрель куни амалга оширилди. Ўшанда самолёт бортида 29 киши бор эди. Тошкент—Душанбе—Тошкент рейси ҳафтасига икки марта — сешанба ва шанба кунлари амалга оширилмоқда. Парвоз вақти бир соатга яқин.
Чипта нархи бир томонга 140 долларни ташкил этмоқда. Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломовнинг сўзларига қараганда, мазкур қиймат бизнесменлар учун унчалик қиммат бўлмаса-да, оддий фуқаролар учун жуда юқори. «Биз авиачипталар нархларини пасайтиришга ҳаракат қиламиз», — деди у.
Изоҳ (0)