«‘Реал Мадрид’ юлдузи Криштиану Роналду фаолиятидаги энг осон вазиятдан гол ура олмади. Бунга ҳеч кимнинг ишонгиси келмади». Айнан шу сарлавҳа остида Mirror нашри португалиялик футболчининг қулай вазиятдан гол ура олмаганига бағишланган мақолани чоп этди.
«Сельта»га қарши Ла Лиганинг қолдирилган ўйинида «Реал» 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мамлакат чемпионлигини қўлга киритиш учун жуда яқин қадам ташлади. Мазкур ўйинда Роналду дубл қайд этиб, Европа топ-5 миллий чемпионатларида энг кўп гол урган футболчига айланди.
Аммо ҳисоб 3:1 бўлиб турган вақтда 32 ёшли футболчи жуда қулай вазиятни голга айлантира олмади. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди.
«Қандай қилиб у (Роналду) гол ура олмади?», — деб ёзди Twitter фойдаланувчиларидан бири. «Бундай вазиятдан гол ура олмагани учун Роналдуни кечира олмайман», — дея вазиятга изоҳ берди яна бир фойдаланувчи.
Twitter фойдаланувчилари орасида португалияликни қўллаб-қувватлаганлар ҳам топилди: «Бу вазиятда Роналдуни айблай олмайман. Чунки у осон вазиятдан кўра қийин вазиятлардан гол уришни яхши кўради».
Изоҳ (0)