Франциянинг янги президенти Эмманюэль Макронга бўлган ишонч ундан олдинги давлат раҳбарлари — Франсуа Олланд ва Николя Саркозиларнинг ҳокимият тепасидаги илк кунларидагига қараганда анча паст. Буни Elabe социологик институти томонидан ўтказилган сўров натижалари кўрсатмоқда, деб хабар беради «ТАСС».
Тадқиқотнинг кўрсатишича, респондентларнинг 45 фоизи Макрон мамлакат муаммоларини ҳал қила олишига ишонади, бунда бош вазир Эдуар Филиппга уларнинг фақат 36 фоизи ишонмоқда.
Таъкидланишича, Олланд президентлигининг илк кунларида шу каби сўровда 58 фоиз «ишонч» овозларини тўплаган, Саркозида эса бу кўрсаткич 59 фоизга тенг бўлган эди. Ҳукумат раҳбарлари 50–59 фоиз фуқаролар орасида ишонч қозонган эди.
Изоҳ (0)