16 май куни кўҳна ва навқирон Самарқанднинг Регистон майдонида «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» мавзусида халқаро илмий-маданий конгрессининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади «Darakchi.uz».
Икки кун Тошкент ва Самарқандда давом этган халқаро конгресс ишида дунёнинг 40 мамлакатидан 370 нафар иштирокчи қатнашди, улар орасида фан ва маданият муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, дипломатик корпус вакиллари, экспертлар ва олимлар бор.
Ёпилиш маросимида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги раҳбари Криста Пиккат сўзга чиқиб, бутун дунёда нотинчлик ҳукм сураётган, қадимий меъморий ёдгорликлар йўқ қилинаётган, ваҳшийлар вайрон қилинаётган бир вақтда ушбу халқаро конгресснинг аҳамияти беқиёслигини алоҳида таъкидлади.
Мазкур конгресс якунида барча иштирокчилар резолюция қабул қилди ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва мамлакат ҳукуматига бундай тадбирни ўтказиш учун имконият яратгани учун минатдорчилик билдирди. Криста Пиккат қабул қилган резолюцияни ўқиб эшитирар экан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўзбек халқининг маданий меросини сақлашга ва уни тарғиб қилишга бўлган бундай эътибори эътирофга сазоворлигини таъкидлаб ўтди.
Конгресснинг асосий воқеаларидан бири Ўзбекистон халқларининг маданий ва тарихий ёдгорликлари тўпламларини ўз ичига олган 10 та ноёб альбом-китоб ва ҳужжатли фильмларнинг тақдимоти бўлди.
Изоҳ (0)