Грузия терма жамоасининг тарихдаги энг яхши футболчиси Шота Арвеладзе Тошкентнинг «Пахтакор» клуби раҳбарияти билан учрашди, деб маълумот берди «Championat.asia» нашри.
Грузин афсонаси «Пахтакор»нинг «Бухоро» клубига қарши учрашувни стадионнинг ўзидан томоша қилган. Бунда клуб Арвеладзени бош мураббий ролида кўрмоқдами ёки йўқ — аниқ маълумот берилмаган.
Арвеладзе Грузия терма жамоаси учун энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади — 60 та ўйинда 26 та гол.
У футболчилик вақтида Туркиянинг «Трабзонспор», Голландиянинг «Аякс» ва «АЗ Алкмаар», «Шотландиянинг «Рейнжерс», Испаниянинг «Леванте» каби клубларида тўп сурган. Мураббий сифатида Туркиянинг «Кейсириспор» (2010—2012), «Қосимпошша» (2012—2015), «Трабзонспор» (2015) ва Исроилнинг «Маккаби» (2016—2017) клубларида ишлаган.
Арвеладзе мутахассис сифатида катта ютуқларга эришмаган. Бу борадаги фаолиятини у «АЗ Алкмаар» клубида Луи Ван Галга ёрдам бериш билан бошлаган.
Футболчи сифатида эса «Аякс» билан Голландия чемпионлиги ва кубоги, «Рейнжерс» билан Шотландия чемпионлиги ва кубогини қўлга киритган. 1994, 1998, 2007 йилги мавсумларда Грузиянинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган. 1995/96 йилги мавсум Туркия чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлган.
Аввалроқ Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Жасур Абдураимов хизматларидан вақтинчалик фойдаланиб, Бразилия ёки Европадан мураббий олиб келиши мумкинлиги айтилганди.
Изоҳ (0)