Бойсун туманида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган «Бойсун баҳори» фольклор фестивали бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Фестивалнинг очилиш маросимида маданият ва санъатни янада ривожлантириш, миллий қадриятларни тиклаш, қадимий меросни, хусусан, халқ ижоди анъаналарини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги «Сурхондарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган фестивалда мамлакатдаги кўплаб фольклор жамоалари ўзларининг қизиқарли дастурларини намойиш этмоқда. Қорақалпоғистон Республикасининг «Шуъла», Андижон вилоятининг «Гулруҳ», Бухоро вилоятининг «Хўжаи жаҳон», Жиззах вилоятининг «Гаштак», Навоий вилоятининг «Кармана юлдузлари», Наманган вилоятининг «Яллама ёрим», Самарқанд вилоятининг «Сарбози», Сирдарё вилоятининг «Сайхун йигитлари», Сурхондарё вилоятининг «Жайхун», Тошкент вилоятининг «Шош наволари», Тошкент шаҳрининг «Дурдона», Фарғона вилоятининг «Қува наволари», Хоразм вилоятининг «Авазхон», Қашқадарё вилоятининг «Ризвонгул» сингари фолклор жамоаларининг икки юздан ортиқ вакили ўз ҳудудларига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрлаган махсус дастурлари билан иштирок этмоқда. Миллий ҳунармандлик буюмлари ва либослар кўргазмалари ташкил этилган.
Фестиваль доирасида миллий халқ ўйинлари ва анъанавий майдон томошалари санъати намояндаларининг чиқишларига ҳам алоҳида ўрин ажратилган.
Фестивальнинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Э. Турдимов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)